Россиядаги ўзбек муҳожирлари юристи: «ЕОИИга қўшилиш ўзбекистонликлар учун кўпроқ салбий тарафдан кучли таъсир қилади»

  • 27 январь 2020, 14:39
  • 1 332
  • Жамият
  • Россиядаги ўзбек муҳожирлари юристи: «ЕОИИга қўшилиш ўзбекистонликлар учун кўпроқ салбий тарафдан кучли таъсир қилади»
    Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга ҳуқуқий ёрдам бериш билан шуғулланиб келаётган асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Валентина Чупик Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласига доир фикрлари билан бўлишди, деб хабар беради «Kun.uz» нашри.

    Чупик Ўзбекистоннинг иттифоққа қўшилиши ўзбекистонлик мигрантларга қанчалик таъсир қилиши ҳақида фикрларини билдирган.
    - Бу жуда ҳам кучли таъсир қилади. Кўпроқ салбий тарафдан. Бунга мисол қилиб қирғиз мигрантларини айтишим мумкин. Қирғиз мигрантларини ҳибсга олиш бўйича мурожаатлар ўзбек мигрантлариникига қараганда икки баравар кўп. Аслида Россияда ўзбекистонлик мигрантлар сони қирғиз мигрантларига қараганда 6 баравар кўп.

    Қирғиз мигрантларини ҳибсга олиш қай даражада тўғри? Бу борада Сергиенконинг (Москва миграция масалалари бўйича бошқарма раҳбари, полиция полковниги Дмитрий Владимирович Сергиенко — таҳр.) патент тўловчи фуқароларни давлатдан чиқариб юбормаслик ҳақида махсус буйруғи мавжуд. Қирғизистон фуқаролари патент тўлашмайди, чунки улар Евросиё иқтисодий иттифоқи фуқаролари ҳисобланади.

    Демак, шу билан бирга улар бошқалардан кўра ҳимоясиз ва уларнинг ҳар қандай ҳуқуқбузарликлари давлатдан четлаштирилиш билан тугаши мумкин. Бу ҳақида полициядагилар ҳам яхши билади. Шунинг учун айнан қирғиз мигрантларини кўпроқ ушлашади. Чунки улардан пул ундириш осонроқ.

    Ҳа, улар ҳар ой 5 минг рубл патент тўлашмайди. Лекин полиция ходимлари улардан ойига 1,5-2 баравар кўпроқ пул ундиришади. Чунки уларни ҳафтада ўртача икки марта ушлашади. Бизнинг мигрантларни эса икки ҳафтада ўртача бир марта ушлашлари мумкин.

    Бундан ташқари, бизнинг мигрантлар билан солиштирганда қирғиз мигрантларининг расмий ишга жойлашиш имкониятлари пастроқ ҳисобланади. Иш берувчи ҳам аҳмоқ эмас, кўп солиқ тўлагандан кўра камроқ солиқ тўлаш фойдалилигини тушунади.

    Қирғизистонлик мигрантларни ишга олгандан кейин жисмоний шахслар учун даромад солиғини тўлиқ тўлаш керак бўлади. Патент билан ишловчи муҳожирларга эса бундай солиқ тўлаш шарт бўлмайди. Қолаверса, уларга ижтимоий тўловлар ва мажбурий тиббий суғурта тўловлари ҳам шарт эмас.

    Бу шуни англатадики, патент тўлаб ишловчи мигрантларни ишлатиш иш берувчига тахминан 20 фоизга арзон тушади. Шу сабабли Қирғизистон фуқаролари сохта меҳнат шартномаларини сотиб олишга мажбур бўлишмоқда ва бу шартнома бўйича ҳеч қандай тўловлар ушлаб қолинмайди. Буни текшириш жуда ҳам осон. Агар меҳнат шартномасининг сохталиги исботланса, шартнома, миграция ҳисоби бекор қилинади ва мигрант давлатдан чиқариб юборилади. Бундай вазиятга бизнинг мигрантлар ҳам тушиши мумкин, агар улар Евросиё иқтисодий иттифоқи фуқароларига айланишса.

    Шуни биламанки, Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқига кирганидан кейин нархлар кескин кўтарилди. Шунингдек, Қирғизистон иттифоқига кириши билан саноат соҳаси ҳам йўқ бўлиб кетди. Уларнинг тикувчилик корхоналари маҳсулотларини Россияда сотиш орзулари, афсуски, амалга ошмади.

    Ҳа, улар савдо-сотиқ билан шуғулланишмоқда, лекин Россиянинг тикув маҳсулотларини сотишмоқда. Кириб келаётган солиқ ва тушумлар Қирғизистон бюджетига эмас, балки Россия иқтисодига фойда олиб келмоқда. Ишчилар ўша-ўша Қирғизистон ишчилари, - дейди Валентина Чупик.

    Шунингдек, Чупик Россияда ўзбек мигрантлари учраётган асосий муаммолар ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
    «Асосий муаммо — ишчиларни ноқонуний ҳибсга олиш ва улардан пул ундириш. Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши ўзбек мигрантларининг аҳволини яхшиламайди. Юқорида айтганимдек, фақат ёмонлашиши мумкин. Чунки ҳужжат тайёрлашда ҳозиргидек тартиб бўлмайди.

    Иккинчи жиддий муаммо — давлатдан чиқариб юбориш масаласи. Менга мурожаат қилганларнинг 40 фоизи қирғиз фуқаролари. Уларнинг 10 фоизи Россияда. Расмий статистика бўйича 10 фоиз, лекин амалда бундан тўрт баравар ортиқ миқдор. Бу ҳам ЕОИИга киришнинг оқибати ҳисобланади.

    Мигрантлар учрайдиган учинчи муаммо — ойликни ололмаслик масаласидир. Қирғизларда эса бу муаммо ҳам ўта сезиларли даражада кўп, чунки улар билан шартнома тузишда ҳужжат тайёрланмайди, уларни мажбурлай олмайсан ҳам. Ўзбекларда бундай муаммо камроқ», — дейди Чупик.

    «Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек мигрантларига ёрдами сезиляптими?», — деган саволга ҳуқуқшунос қуйидагича жавоб қайтарган:

    «Ҳозирда ташқи меҳнат миграцияси бўйича агентлик ишлай бошлади. Уларга раҳмат айтамиз, аммо бу агентлик раҳбарининг шахсий ташаббуси бўлиб қолишидан қўрқаман. Бу вазият у ерда ишлаётган инсонларнинг шахсига боғлиқ бўлиб қолишидан жуда қўрқаман. Бу ҳали тизимли тарзда йўлга қўйилмаган. Лекин уларга миннатдорчилигимни билдираман. Кўп йиллардан буён биринчи марта қўллаб-қувватлашни ҳис қилдим. Олдинлари ёлғиз курашишга мажбур эдим. Ҳозирда умид бор. Лекин мен истардимки, бу бир тизим тарзида йўлга қўйилсин. Яъни фуқароларни ҳимоя қилиш тизими.

    Нафақат ташқи меҳнат агентлигига, балки Ўзбекистон элчихонасига ҳам фуқароларимизнинг ҳимоя қилиниши тўғридан тўғри мажбурият тарзида юклатилиши керак. Вена конвенциясида давлат ўзининг ҳар бир фуқаросини ҳимоя қилиши мажбурийлиги қайд этилган. Элчихона турли тадбирларга эмас, айнан шу муаммога эътибор қаратишини хоҳлардим.

    Ҳар бир мигрантда муаммо бир хил, патент бор ёки йўқлигидан қатъи назар полициячилар улардан пул ундиради. Кейин давлатдан четлатишади. Четлатишларнинг ярми исботли бўлса-да, кўп қисми ноқонуний, асоссиз амалга оширилади.

    Россиядаги иш берувчилар ойлик бергандан кўра ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига пора беришни афзал ҳисоблашгани сабабли ойлик тўламаслик ҳолатлари юз беради. Масалан, улар ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи ходимларига пора бериб уларни чақиришади, кейин улар ишчиларни ҳужжати жойида эмасликда айблаб, уларни депортация қилдиришлари ҳам мумкин. Бу ҳолат Россия қонунларига тўғри келмайди. Давлат хизматчилари эса қонунга бўйсунишни мажбурий деб билишмайди. Ҳатто уларни ҳукумат қўллаб-қувватлаши ҳам мумкин. Ҳаёт шунақа.

    Ўзбекистонда мени кўзим кўк бўлгани сабабли тўхтатишларини умуман тасаввур қила олмайман. Лекин бу ерда кўзинг кўк бўлмагани учун сени тўхтатишади. Россия билан таққослаганда Ўзбекистон қонунга амал қиладиган давлат. Россия миллатчироқ давлат ҳисобланади».

    » » Россиядаги ўзбек муҳожирлари юристи: «ЕОИИга қўшилиш ўзбекистонликлар учун кўпроқ салбий тарафдан кучли таъсир қилади»