date
views 4 960

Талабаларга 15 февралгача стипендия бўйича тафовут тўлаб берилади

Талабаларга 15 февралгача стипендия бўйича тафовут тўлаб берилади
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарори шарҳига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, Молия вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Нодир Муслиддинов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, олий таълим муассасаси ректорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Стипендиялар бўйича тафовут қачон тўлаб берилади?
Тадбир аввалида дастлаб, талабаларга стипендия тайинлашнинг янги тартиби ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарор моҳияти борасида батафсил маълумот берилди. Хусусан, вазир ўринбосари Сарвар Бузрукхонов талабалар стипендиялар бўйича тафовутни тўлаш масаласида фикр билдирар экан, шундай деди:

– Талабаларга 10 февралдан стипендиялар бўйича тафовутни тўлаш амалга оширилади. Бу бироз вақт талаб қилувчи жараён. Шу нуқтаи назардан, узоғи билан 15 февралга қадар барча талабалар билан ҳисоб-китоблар тўлиқ амалга оширилади. Шу билан параллел равишда 20 февралга қадар февраль ойи учун стипендиялар ҳам тўлаб борилади. Агарда қайсидир ОТМда январь ойида сессиялар якунланган бўлса, мазкур ойдан бошлаб, уларга янги тартибдаги стипендиялар тўланади.

Нега фақат грант асосида ўқийдиган талабалар?
Шунингдек, нима учун айнан грант асосида таълим олаётган талабалар билан қайта ҳисоб-китоб қилинишига тўхталадиган бўлсак, Президентимиз томонидан 2019 йил 17 июнда қабул қилинган 4359-сонли қарорида талабаларга стипендияли ва стипендиясиз таълим олиш имкони яратилди. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тўлов-контракт қийматини белгилаш ваколати Молия вазирлигига берилди.

Белгиланган контракт қиймати, давлат комиссияси томонидан тасдиқланган ушбу меъёрий ҳужжатга асосланади. Белгиланган контракт қийматида тўланадиган стипендия миқдори 6 ой учун ҳар ойда 400 минг сўмдан 2 миллион 400 минг сўм этиб базага киритилган. Шунда талаба 6 ой давомида ўзи учун белгиланган 400 минг сўмни қайтариб олади ва унга қўшимча пул берилмайди. Грант асосида ўқиётган талабаларга компенсация тўланишининг асосий сабаби, уларнинг таълим олишлари учун харажатлар давлат томонидан қопланади.

Шунингдек, тадбир давомида янги тизим бўйича талабаларни рағбатлантириш, уларнинг университет бошқарувидаги иштирокини ошириш, талабалар орасида ўзини ўзи бошқариш тизимини йўлга қўйиш масалаларида ҳам таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Талабаларга 15 февралгача стипендия бўйича тафовут тўлаб берилади