16:01 / 24.02.2020
2 832

«Норасмий блогерлар»

«Норасмий блогерлар»
Тўғрисини айтсам, охирги пайтларда «норасмий блогер», «рўйхатдан ўтмаган блогер», «дуч келган одам ўзини блогер деб эълон қиляпти» деган жумлаларни тез-тез учратяпмиз. Бундай гаплар баъзан изоҳ қолдирувчи оддий фойдаланувчилар томонидан, баъзан эса давлат ташкилотлари вакиллари, амалдорлар томонидан янграмоқда.

Аммо улар бир нарсани тушунмаяптики, блогернинг норасмийси бўлмайди, блогернинг ноқонунийси бўлмайди, блогер қаердадир рўйхатдан ўтиши шарт эмас.

Шу каби фикр билдираётганлар «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасини яхшилаб ўқиб кўришларини илтимос қилардим. Қонун бўйича, ижтимоий тармоқда ўз фикрини билдириб борадиган БАРЧА шахслар — блогер.

Айтайлик, агар Фейсбукда 2 млн ўзбекистонлик саҳифа очиб, фикрларини ёзиб борса, демак, билингки, ўша 2 млн фуқароларнинг барчаси блогер ҳисобланади. Агар Телеграмда 10 минг кишининг канали бўлса, демак билингки ўшаларнинг барчаси блогер. Бу ерда блог очган шахсларнинг иш жойи, лавозими, ёши, маълумоти ёхуд неча нафар обуначиси борлиги муҳим эмас.

Вазирнинг Фейсбукда ўзи юритадиган саҳифаси борми, вазир ҳам блогер. Депутатнинг Телеграмда канали бор, ўша депутат ҳам блогер. Сизнинг ҳам исталган ижтимоий тармоқда исталган мавзуда ўз фикрларингизни ёзиб борадиган саҳифангиз борми, демак Сиз ҳам блогерсиз. Буни мен тўқиб чиқармаганман, қонунда шунақа ёзилган.

Гап-сўзлар ўз йўлига, аммо блогерлар бўйича қандайдир чоралар кўриш йўлида расмий ҳаракатлар ҳам бошланганга ўхшайди.

Яқинда муҳокама учун эълон қилинган 2020 йилги Давлат дастури лойиҳасининг 286-банди кўпчилигимизнинг назаримиздан четда қолиб кетибди.

Жумладан, ушбу бандда электрон журналистика, блог юритиш ва электрон ахборот воситалари орқали фикр билдириш фаолиятининг ҳуқуқий механизмини белгилаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, фикр билдирувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Тўғриси юқоридаги банддаги таклифлар шу даражада чалкаш ва аралашки, лойиҳани тайёрлаганлар айнан нимани назарда тутаётганини билиш қийин. Ҳар ҳолда билвосита цензуранинг ҳиди ҳам келмоқда.

Айниқса, ушбу бандга қолдирилган изоҳларни кўриб, мақсад кўпроқ блогерларни бўғишмикин деган хаёлга бориб қолади одам. Масалан, Хоразм вилояти Маънавият ва маърифат маркази бўлими қуйидагича таклиф қолдирган:
«Рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган Блогерларнинг фаолиятини қатъий тартибга солиш, уларнинг этика, эстетика маданиятини ошириш. Вилоятларда улар учун махсус ўқувлар ташкил этиш».

«Юксалиш» ҳаракатининг Хоразм вилояти бўлинмаси эса мана бундай таклиф билдирган:
«Нопрофессионал, рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган блогер (шахс)лар томонидан ижтиомий тармоқларда маънавиятсизлик, ахлоқсизликни тарғиб этишга қаратилган маълумотлар (фото, видео ва бошқа)ни тарқатганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш лозим. Амалиётда ўзини блогер сифатида ижтимоий тармоқларда таништириб, фуқаролар билан турли сабаблар билан жанжаллашиб, юзи қонга беланган ҳолда ижтимоий тармоқларга видеолар жойлаш ҳолатлари ва бошқа ҳолатлар кўп».

Бир нарсани тушунинглар, агар кимда-ким интернет орқали кимнидир ҳақорат қилса, кимгадир туҳмат қилса, ким биландир жанжал қилса, урса ёки калтак еса, бундай ҳолатлар шундоқ ҳам қонунларимизда тартибга солинган, қонунбузарлар учун тегишли жазо бор. Айнан блогерлар учун янги нарса ўйлаб топиш шарт эмас.

Ҳар тугул 3 та таклиф билдирувчи орасида биттаси масалага анчайин мантиқий ёндошибди. Жумладан, у шундай ёзади:

«1. Фикр билдирувчиларнинг мажбуриятларини билдириш халқаро меъёрларга ва конституцияга зид келади. шундоқ ҳам маъмурий жавобгарлик кодекси ва жиноят кодексида сўз эркинлигини таъминлашга тескари бўлган етарлича моддалар мавжуд.
2. Freedom of the Press халқаро сўз эркинлиги индексида янада пастга шўнғишга сабаб бўлади.»

Ҳааа, нимасини айтасиз, бизни олдинда анчайин қизиқ жараёнлар кутиб турибди шекилли.

Ҳар ҳолда юқоридагилар шунчаки таклиф ва лойиҳа холос. Имзоланишдан олдин ҳали яна синчиклаб кўриб чиқилса керак. Балки хавотирларимиз асоссиздир. Ишқилиб шундай бўлсин-да...

Манба: @xushnudbek

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Норасмий блогерлар»