18:28 / 02.03.2020
4 032

«Қарийб 19 минг фуқаро автомашина ололмаган» — «Авто 60 ой» билан боғлиқ жиноят ишининг янги тафсилотлари

«Қарийб 19 минг фуқаро автомашина ололмаган» — «Авто 60 ой» билан боғлиқ жиноят ишининг янги тафсилотлари
Фото: «Kun.uz»
Кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлган «Авто 60 ой» МЧЖ мансабдорлари 18 минг нафардан зиёд мижозлардан автомашина олиб бериш мақсадида турли миқдорларда маблағ олган. Аммо уларнинг бор-йўғи 96 нафарига транспорт воситаси етказиб берилган. Бу ҳақда 2 февраль куни Тошкент шаҳридаги Интерпол миллий марказий бюросида ИИВ Тергов департаменти томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Дарё» нашрининг хабар беришича, тадбирда «Авто 60 ой» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари ва шунга оид янги тафсилотлар очиқланди.

«Мазкур жиноят иши 2019 йилнинг 12 октябрида Жиноят кодексининг 188-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган. Бунга UzAutoMotors АЖнинг ИИВга ушбу МЧЖнинг фуқароларга фоизсиз пулини 5 йил (60 ой) муддатга бўлиб тўлаш шарти билан шубҳали фаолият кўрсатаётганлигини билдириб, йўллаган мурожаати юзасидан терговга қадар суриштирув вақтида аниқланган ҳолатлар асос бўлган.

Фото: ИИВ Тергов департаменти
Маълум бўлишича, Ж.Б, О.М, Э.Қ. ва М.Г.лар «Авто 60 ой» МЧЖ таъсис этиб, одамларга автотранспорт воситаларини фоизсиз 5 йил муддатга, бўлиб тўлаш шарти билан олиб беришни ваъда қилган. Улар ўз фаолиятини реклама қилувчи флаерларни транспорт воситаси турига қараб 2 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача сотиб, зиммасидаги мажбуриятни тўлиқ бажармайди. Фуқароларнинг шартнома тузиш орқали тушган пулларини жамият фаолиятини реклама қилишга сарфлаб, 18 минг нафардан зиёд одамларнинг маблағларини жамият ҳисоб рақамига туширилишига эришишган.

Жами 18 минг 818 нафардан ортиқ мижозлар томонидан жамиятга тўлов қилинган 57 миллиард 412 миллион сўм пулдан бор-йўғи 130 та автомашинани сотиб олиб бериш учун «Қибрай авто-мото сервис» МЧЖга 24 миллиард 6 миллион сўм қисмини кўчириб бериш билан кифояланган. Шу тариқа 96 нафар мижозга транспорт воситаси етказиб берилган холос. Қолганларга эса автомашина олиб бериш юзасидан мажбуриятини бажариш учун ҳисоб рақамида етарли пул маблағлари мавжуд бўлмаган», — деди Тергов департаменти бўлим бошлиғи Азизбек Долихўжаев.

Фото: ИИВ Тергов департаменти
Анжуманда таъкидланишича, жиноят иши бўйича жами аниқланган зарар 57 миллиард 412 миллион сўмни ташкил этади.

Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 миллиард 148 миллион сўм бўлиб, шундан нақд пул шаклидагиси 26 миллиард сўм, хатланган мол-мулклар эса 8 миллиард 148 миллион сўмдан иборат. Ҳозирда 28 та турли русумдаги умумий баҳоси 2,1 миллиард сўмга тенг бўлган транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилмоқда.

МЧЖ раҳбари Ж.Б. ва унинг шериклари ўзларининг жиноий фаолиятлари давомида Catalea Media МЧЖ, «Ж.Баходиров» ЯТТ ва Karat insurance МЧЖларни ташкил қилган. Мазкур молиявий субъектлар устав жамғармасини мижозлар томонидан топширилган пул маблағлари эвазига шакллантирганликлари туфайли ушбу жамиятларга нисбатан ҳам жиноят ишлари қўзғатилган ва ягона иш юритувга бирлаштирилган.

Фото: ИИВ Тергов департаменти
Иш бўйича айбланувчилар, яъни Ж.Б, О.М. ва Э.Қ.лар айни пайтда қамоқда сақланмоқда. М.Г.га гаров эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят иши бўйича ҳужжатли тафтиш якуни бўйича қолган шахсларнинг ва жамиятнинг вилоятлардаги филиалларидаги менежер ҳамда кассирларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

«Жиноят иши бўйича Тергов департаменти ва унинг қуйи тизимдаги ходимларидан иборат тергов гуруҳи ташкил этилган бўлиб, ҳозирда республиканинг барча ҳудудларида тергов ҳаракатлари олиб бориляпти ва департамент томонидан жамланиб келинмоқда. Шу пайтга қадар 17 минг нафар фуқаро сўроқ қилинди.

Фото: ИИВ Тергов департаменти
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов муддати 5 ойга, яъни шу йилнинг 12 мартига қадар узайтирилган. Айбланувчилар томонидан жабрланувчиларга етказилган зарарларни ундириш масаласи суд жараёнида ҳал этилади», — деди Азизбек Долихўжаев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Қарийб 19 минг фуқаро автомашина ололмаган» — «Авто 60 ой» билан боғлиқ жиноят ишининг янги тафсилотлари