07:00 / 05.03.2020
3 109

Банклар приватизацияси қачондан бошланиши маълум бўлди

Банклар приватизацияси қачондан бошланиши маълум бўлди
Фото: Shutterstock
Ўзбекистондаги 13та банкда давлат улуши мавжуд. 2020 йил охиридан эътиборан, уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бошланади.
Молия вазири ўринбосари Шоҳруҳ Шораҳмедовнинг айтишича, бу борада Халқаро молия корпорацияси ва бошқа хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

«Давлат улуши бўлган банкларнинг ҳаммаси бирданига хусусийлаштирилади, деб айтолмаймиз. Бу жуда мураккаб, вақт талаб қиладиган масала. Ҳозирча «Саноатқурилишбанк»ка ўхшаган йирик-йирик банклар ҳақида гапиришимиз мумкин. «Саноатқурилишбанк» [ўтган йили] Лондон фонд биржасида облигацияларини чиқарди.

Айни пайтда «Ипотекабанк» фаолиятини ислоҳ қилиш ҳаракатидамиз. Бошқа банклар бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти. Йил охирига бориб, инвесторларни жалб қилишни бошлаймиз.

Вақт ўтиши билан бу жараёнлар тезлашади, деб ўйлаймиз. Яқин йилларда давлат улуши бўлган банклар тўлиқ хусусийлаштирилиши устида иш олиб борилмоқда», – деди Шораҳмедов 4 март куни Халқаро пресс-клуб сессиясида.

2019 йили Молия вазирлигига давлат улуши юқори бўлган банкларни ислоҳ қилиш, уларга хорижий инвесторларни жалб қилиш ва халқаро бозорга чиқариш бўйича вазифалар юклатилган эди.

«Шунинг учун вазирлигимизда махсус бошқарма (Давлат иштирокидаги тижорат банкларини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бошқармаси – таҳр.) ҳам ташкил этилган ҳамда ушбу масала вазир ўринбосарининг функцияларига киритилган эди», – дейди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда стратегик аҳамиятга эга корхоналардан ташқари, давлат улуши мавжуд барча корхоналар босқичма-босқич хусусийлаштирилиши эълон қилинган.

2020 йилдан бошлаб мамлакат банкларида кенг кўламли трансформация дастури амалга оширилади. 2020 йилда Миллий банк ва Ипотека-банк ҳам ўз евробондларини чиқаради.

Устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиқ хусусий секторга сотилиши таклиф этилаётган банклар қуйидагилар:
«Пойтахт банк» АЖ (ҳозирда давлат улуши – 100 фоиз)
«Asia Alliance Bank» АТБ (100)
«Туронбанк» АТБ (97,6)
«Қишлоқ қурилиш банк» АТБ (96,5)
«Асака» АТБ (95,9)
АТ «Алоқабанк» (94,2)
«Ўзбекистон саноат-қурилиш банк» АТБ (89,1)
«Ипотeка-банк» АТИБ (84,7)
«Ўзагроэкспортбанк» АТБ (75)
«Ипак йўли акциядорлик инновация тижорат банки» АЖ (0,4)
«Трастбанк» ХАБ (0,1)
Чет эл капитали иштирокидаги «Хамкорбанк» АТБ (0,01)

Қуйидаги тўртта банкда давлат акция пакети тўлиқ сақланиб қолиши кутилмоқда:
«Халқ банки» АТБ (100)
«Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ (100)
«Агробанк» АТБ (94,3)
«Микрокредитбанк» АТБ (84,8)

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Банклар приватизацияси қачондан бошланиши маълум бўлди