19:25 / 16.03.2020
3 572

Коронавирус белгиларини сезганда, қандай йўл тутиш керак?

Коронавирус белгиларини сезганда, қандай йўл тутиш керак?
Ўзида коронавирус аломатларини сезган фуқароларга текширувдан ўтиш учун шифохонага бориш тавсия этилмайди. Улар вирусни бошқаларга ҳам тарқатиши мумкинлигини ҳисобга олиб, уйда қолиши ва тиббий ёрдамга мурожаат қилиши керак.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов COVID-19 касаллигига ишора қилувчи асосий белгиларни санаб ўтди.

1. Иситма
2. Йўтал, аниқроғи қуруқ йўтал
3. Нафас олишнинг қийинлашиши. Бу – айнан коронавирусга хос.
4. Хорижга чиқиб келганлик ёки хорижда бўлиб қайтган одамлар билан алоқада бўлганлик.

«Инфекциянинг яширин максимум – 14 кун. 5-9 кунда касаллик аломатлари намоён бўлишни бошлайди. Шунинг учун 14 кунгача деб энг максимал муддат олинган», – деди Шодмонов.

15 март куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилиндики, Ўзбекистонда коронавирус юқтиргани аниқланган дастлабки бемор касби шифокор бўлгани учун ҳам Вирусология институти клиникасига мурожаат қилган. Аммо белгиланган тартибга мувофиқ, бундай йўл тутиш тавсия этилмайди.

«У одам олий даражали врач, ўзида касаллик аломатларини сезгани учун ҳам Вирусология институти клиникасига борган. Мутахассис бўлгани учун ҳам у ерга борган. Ўзи у ерга бориш керак эмас», – деди Бош вазир Абдулла Арипов.

Алишер Шодмонов коронавирусга гумон бўлган тақдирда қандай йўл тутиш кераклигини тушунтирди.

«Бутун дунё бўйича белгиланган тартиб бизнинг мамлакатда ҳам ўрнатилган. Касаллик белгилари, аломатлари бўлса уйдан чиқмасдан, тез тиббий ёрдам ёки поликлиника шифокорига мурожаат қилади.

Шунда мутахассислар уйда беморни кўриб, зарур ҳолатда Санитария-эпидемиология агентлигидан таҳлилни оладиган мутахассисларни таклиф этади. Улар таҳлилни олиб, кейин бу касалликка аниқлик киритиб беради.
Шунинг учун тиббий муассасаларга бориб юришга ҳожат йўқ. Уйда қолиб, мурожаат этиш керак
», – деди Алишер Шодмонов.

16 мартдан бошлаб, коронавирус ҳақида маълумот тақдим этувчи колл-марказлар фаолият бошлади.

«Аҳолига осон бўлиши учун 1003 қисқа рақами берилади. Бундан ташқари, тез ёрдам бор, яшаш жойида бириктирилган қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ оилавий поликлиникаси, шаҳар оилавий поликлиникалари мавжуд. Уларнинг телефонлари ҳам бор.

Ана шу жойларга мурожаат этиб, туғилаётган саолларга жавоб олиш мумкин. Касаллик белгилари, аломатлари аниқланганида мурожаат қилиш мумкин
», – деди Шодмонов.

Вазир коронавирус таҳлилини олиш бўйича Ўзбекистондаги лабораториялар ҳақида ҳам маълумот берди.
«Тошкентда ПЦР (полимеразная цепная реакция) лабораториялари жуда ҳам кўп. Ҳар бир вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Санитария-эпидемиология агентлигининг вилоят бўлинмаси – буларнинг ҳаммасида ҳам ПЦР лабораторияларимиз мавжуд.

Бундан ташқари, республикамизда бугунги кунда фаолият олиб бораётган 5400дан ортиқ хусусий муассасаларда ҳам ПЦР лабораториялар бор. Уларни ҳам бунга [коронавирус таҳлилини олиш, касалликка аниқлик киритишга] жалб этиш кўзда тутилмоқда. Яъни лаборатор-диагностика нуқтайи назаридан ҳозирги шароитда бизда моддий-техник базамизда етишмовчилик йўқ
», – деди у.

Бош вазир Абдулла Арипов ташхис воситаларини Россия беғараз етказиб берганини маълум қилди.
«Авваламбор, айтиб ўтишим керак, ҳамкорларимиз Россия Федерациясининг соғлиқни сақлаш тизими бизга етарли миқдорда диагностика тестларидан беғараз етказиб берган. Бизда бор. Ҳозир яна қўшимча олиб келтирямиз», – деди Арипов.

Қўшимча қилинишича, диагностика тестлари барча ҳудудларга берилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус белгиларини сезганда, қандай йўл тутиш керак?

Жамият янгиликлари