17:45 / 23 марта 2020
2 335

Карантин ҳудудларидан бирида ҳамшира бемордан вирус юқтириб олгани маълум бўлди

Карантин ҳудудларидан бирида ҳамшира бемордан вирус юқтириб олгани маълум бўлди
Фото: Tengrinews.kz
Тошкент вилояти ҳокимлиги коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўнгги маълумотларни тақдим этди.
Маълум қилинишича, 23 март ҳолатига Тошкент вилояти ҳудудида коронавирус инфекцияси аниқланган фуқаролар сони 9 нафарни ташкил этмоқда.

Айни пайтда вилоят бўйича жами 195 нафар терапевт, 131 нафар реаниматор, 64 нафар инфекционист, 133 нафар эпидемиолог фаолият олиб боради.

«Вилоятда инфекция тарқалишини олдини олиш мақсадида 8 мартдан 9 март кунига ўтар кечаси Жанубий Кореядан келган 181 нафар фуқаро Қибрай туманидаги «Бўстон» санаториясига жойлаштирилган, 14 кунлик карантин муддати тугаши муносабати билан 22 март куни фуқаролар карантиндан чиқарилган.

15 март куни «Чотқол» санаториясига чет давлатдан келган 212 нафар фуқаро 14 кунлик карантин назоратига олинган. Назоратга олинганларга инфекционист, эпидемиолог, дезинфекторлар бириктирилган.

18 март куни Россия Федерациясидан келган 264 нафар фуқаро Бўстонлиқ туманида жойлашган «Сокол» болалар оромгоҳига жойлаштирилган. 7 нафар шифокор, 2 нафар эпидемиолог, 7 нафар ҳамшира, 5 нафар кичик тиббий ходим, 4 нафар дезинфектор тиббий назорат учун сафарбар этилган.

Шу куни «Энергетика» санаториясига чет давлатдан келган 255 нафар фуқаро 14 кунлик карантин назорати учун жойлаштирилган.
3 нафар шифокор, 1 нафар эпидемиолог, 2 нафар ҳамшира, 6 нафар кичик тиббий ходим, 4 нафар дезинфектор тиббий назорат учун сафарбар этилган. Ҳозирги кунда «Энергетика» санаториясида жами 251 нафар фуқаро тиббий назоратда сақланмоқда.

21 март куни Россия Федерациясидан келган 243 нафар фуқаро «Назарбек» сиҳатгоҳига жойлаштирилди. 4 нафар шифокор, 1 нафар эпидемиолог, 3 нафар ҳамшира, 8 нафар кичик тиббий ходим, 2 нафар дезинфектор тиббий назорат учун сафарбар этилди», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, беморларга қараётган ҳамширалардан бири коронавирус юқтирган.

«23 март ҳолатига Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 101 нафар бемор бўлиб, улар мунтазам равишда тиббий назоратга олинган.
23 март ҳолатига Тошкент вилояти ҳудудида коронавирус инфекцияси аниқланган фуқаролар 9 нафарни ташкил этди.

Коронавирус аниқланган илк бемор Франциядан келган. Унда 15 март куни инфекция аниқланган. Иккинчи беморда 16 март куни аниқланган бўлиб, биринчи бемордан юқтириб олган.

Учинчи бемор 14 март куни Лондондан учиб келган. 17 март куни инфекция аниқланган.
18 март куни инфекция тўртинчи фуқарода тасдиқланди. Бешинчи бемор 20 март куни аниқланди.

Коронавирус аниқланган олтинчи бемор 18 март куни Россия давлатидан келгач, «Сокол» болалар оромгоҳида карантинда турган. Унда 20 март куни инфекция аниқланган.

Еттинчи бемор 18 март куни Москва орқали Швециядан келган. «Сокол» оромгоҳида карантинда бўлган, 21 март куни касаллик аниқланган.
Саккизинчи бемор 14 март куни Дубайдан келган. 22 март куни вирус аниқланган.
Тўққизинчи бемор ҳамшира бўлиб, айни пайтда даволаш ишлари олиб бориляпти», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда коронавирусдан зарарланганлар сони 350 мингга яқинлашди, шундан 100 мингдан ошиқ киши тузалиб кетди, 15 297 киши вафот этди.
Ўзбекистонда 23 март ҳолатига кўра, вирус юқтирганлар сони 46 нафарни ташкил этмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)