22:22 / 30.03.2020
3 336

Коронавирус беморлари ҳақидаги маълумотлар етарлими?

Коронавирус беморлари ҳақидаги маълумотлар етарлими?
Фото: AP
Коронавирус пандемияси тарқалиши туфайли Ўзбекистонда ҳам карантин чоралари қўлланмоқда. Ҳукумат ушбу ишларни ташкил этаркан, вирусга қарши курашда ўз олдида мавжуд икки танловдан бири — кўпроқ халқ саломатлигини сақлаб қолишни танлади. Аммо коронавирус беморлари ҳақида зарурий барча маълумот тақдим этиляптими? Менимча, йўқ.

Ҳукуматлар олдидаги иккинчи йўл иқтисодиётни барқарор сақлаш ҳамда қурбонлар эвазига бўлса-да, инфекцияга қарши туриш эди. Нидерландия тажрибасида шу аён бўлдики, бир ой ичида 10 мингдан ортиқ шахс вирусни юқтириб олди ва 771та ўлим ҳолати қайд этилди. Бунинг сабабларидан бири ҳукумат вирусга чалинган илк бемор аниқлангандан кейинги қарийб бир ой давомида қатъий кураш чораларини қўллашга иккиланди. Аммо ҳозирга келиб Нидерландияда ҳам вазият ўзгарди. Қатъий чораларга қаршилар чекинишга мажбур бўлишди.

Ўзбекистон шароитида чеклов чоралари имкон қадар тезроқ амалиётга киритилмоқда, шунингдек, вирус тарқалиш хавфини камайтириш учун иқтисодий манфаатлар иккинчи даражали масала сифатида қаралмоқда. Менимча, бу тўғри.

Аммо кундан-кунга мутасадди идоралар беморлар сонини шунчаки рақамлар билан ифода этиши, яъни оширилган рақамни очиқлаш билан кифояланиши одамни ўйлантириб қўяди. Масалан, 29 март куни тонгда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари сони 29тага ошиб, 133тани ташкил этгани ҳақида хабар берилди. Кун давомида беморларнинг 7 нафари тузалгани маълум қилинди. Кун охирида эса яна 11 киши вирус юқтириб олгани тасдиқланди ва зарарланиш ҳолатларининг жами сони 144тани ташкил этди.

Аввало, статистика рўй-рост оммага эълон қилиниши яхши, бу вазият ҳукумат назоратида эканлигига ишора қилади. Аммо карантиндан мақсад нима эди? Уйда қолинг, жамоат жойида бемақсад юрманг, дейишдан-чи? Албатта, инфекцияга чалинмаслик ва вирус тарқалиш хавфини камайтиришдан иборат.

Шундай экан, ҳукумат касалланган беморлар ҳақида маълум даражадаги маълумотларни эълон қилиб бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда уларнинг сўнгги яшаш жойлари, сўнгги кунлардаги ҳаракатланиш йўли ва улар бўлган жамоат жойлари ҳақида маълумот берилиши керак. Ўз ўрнида аҳоли бундан тўғри хулоса қилиб, огоҳликни ошириши, уйини бемақсад тарк этмаслиги керак.

Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари юзасидан унинг исм-шарифи, ҳақиқий маълумотлари ошкор этилмаган тақдирда ҳам, инфекцияни юқтириб олиш занжири яратилиши керак. Бу маълумотлар билан жамоатчиликда оммага қўшилмаслик ҳақида ҳақиқий тушунча пайдо бўлади. Бундан ташқари, занжир билан инфекциянинг «иссиқ изи»дан етиб бориш имконияти ошади.

Исроил ҳукумати коронавирусга қарши курашда махсус хизмат терговидан ҳам фойдаланмоқда. Хавфсизлик хизмати ходимлари инфекция аниқланган беморларнинг уяли алоқа воситаси орқали ҳаракатланишини ўрганиб, у билан алоқада бўлган бошқа шахслар мажбурий уй карантинига олинмоқда. Зарурат пайдо бўлганда, ушбу маълумотлар телевидение орқали намойиш этилди.

30 март ҳолатига кўра, Андижон вилоятида 2400та хонадон ва уларда яшовчи 16 минг фуқаро уй карантинига олинган. Андижон вилоят ИИБ Ҳуқубузарликлар профилактикаси бошқармаси ташаббуси билан профилактика инспекторлари томонидан 1735та тиббий кузатувга олинган хонадонларга «Карантин қоидаларига риоя қилинг!» махсус белгилари ёпиштириб чиқилди. Ўйлашимча, ушбу тадбир аҳолини сергак тортишга, жамоатчилик назоратини кучайтиришга туртки бўлади.

Беморлар сони кўпайгани ёхуд вафот этган шахс ҳақида шунчаки рақамларни билдириш етарли эмас, деб ҳисоблайман. Мамлакатда расман фавқулодда ҳолат эълон қилинмаган бўлса-да, жамият феълан шу таҳликада яшамоқда. Қолаверса, Ўзбекистон халқининг узоқ пайт карантинда ўтириши ҳам иқтисодиётда салбий инъикосини кўрсатади. Шу сабабли, имкон қадар инфекцияга чалинган беморларни оммадан ажратиб олиш ишини ташкил этиш керак. Халқ эса уйда қолиши, бир муддат қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтиши, асосийси вирус юқиш занжирини узиб қўйиши керак.

Алишер Рўзиохунов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус беморлари ҳақидаги маълумотлар етарлими?