06:46 / 19.04.2020
2 697

Пандемия шароитида айрим маҳкумларни афв этиш таклифи билдирилди

Пандемия шароитида айрим маҳкумларни афв этиш таклифи билдирилди
Ҳуқуқшунос Нуриддин Муродов пандемия шароитида айрим тоифа маҳкумларни афв этиш юзасидан таклиф билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, Президент амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимнома киритади ва Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади.

Маҳкумларни авф этиш «Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом»га кўра амалга оширилади.
Бироқ, ушбу низомда пандемия ёки эпидемия хавфи шароитида афв этиш масаласи тартибга солинмаган.

Лекин, пандемия ёки эпидемия хавфи остида маҳкумларни афв этиш жаҳон амалиёти мавжуд.
Пандемия бошқа халқлар қатори халқимизни ҳам синовдан ўтказаётган дамларда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган тезкор чора-тадбирлар барча соҳаларни талофатсиз фаолият юритиши ҳамда халқимизнинг саросима ва тушкунликка тушмаслигига асос бўлиб хизмат қилаётир.

Лекин, пандемиянинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари Жаҳон иқтисодида кўзатилаётгани каби, республикамиз иқтисодиёти ва кундалик ҳаёт тарзига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Пандемия қарши карантин чекловлари ҳамда карантиндан кейинги бир қанча муддат иқтисодиётимиз, озиқ-овқат хавфсизлигимизга бўлган энг кам таъсир ҳам кўплаб оилаларнинг ижтимоий аҳволига ўз-ўзидан таъсир ўтказиш эҳтимоли бор.

Айниқса, бу жараён, бугун кўпчилик эътиборидан четда қолаётган «жазони ижро этиш муассасалари ва маҳкумлар»га нисбатан инсонпарварлик нуқтаи назаридан ёндашишни ҳам тақазо этмоқда.

Карантин жараёнида оила боқувчиси бўлгани ҳолда жазони ижро этаётган маҳкумлар ва уларнинг оиласини, шунингдек, ўз оиласидан узоқда жазони ижро этаётган маҳкумлар ҳамда улар оила аъзоларини ижтимоий инқирозли ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Чекловлар даврида оиласи билан алоқалари узилган, учрашувлар таъқиқланган бир шароитда маҳкумларнинг аҳволини тасвирлаш қийин.

Бугунги карантин шароити ва унинг оқибатлари маҳкумларнинг жуда кўпчилигини минг пушаймонга солаётганлиги, улар ўз оиласидан одатий ҳаёт тарзидагидан кўра, минг карра ортиқ хавотирга тушаётганини фикрдан ўтказишнинг ўзиёқ кўп нарсани изоҳсиз англатади.

Шу асосда, улар оилаларининг жамиятда тўлақонли ўрнини сақлаб қолиш, шу оилалар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда бугун қаттиқ карантин режимида ишлаётган, ЖИЭМларида пандемияга қарши эҳтимолий чораларни амалга ошириш мақсадида, айрим тоифа маҳкумларни афв этиш таклифини билдираман.

Бунда аввало, қонун ҳужжатларига мувофиқ, карантин шароитида муайян маҳкумнинг ўз оиласидаги боқувчилик роли, маҳкумнинг шахси, соғлиги, оиласининг ижтимоий аҳволи, оиласига боқувчи эканлиги, содир этган жиноятини оғирлик даражаси, жазонинг маълум қисмини ўтаганлиги, жазони ижро этиш жойидан тавсиясини ўрганиш каби масалалар ҳам бор.

Албатта, ушбу маҳкумларнинг оилавий аҳволи Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда ИИВ вазирлигининг қуйи тизимларининг таклиф-хулосаси асосида тезликда аниқланиши мумкин.

Яна бир гап, муҳтарам юртбошимизнинг халқимизга хос инсонпарварлик қадриятларини намоён этиб, тизимли равишда маҳкумларни кечириши уларнинг оила аъзоларига, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари ҳамда амалда юзлаб соғлом оилалар жамиятга қайтаётганлиги ҳам ушбу таклифни билдиришимга яна бир асос бўлди.

Айтмоқчиманки, бунгунги вазият инсонга бериладиган умрни нақадар қадри ва қиммати баланд эканлигини, инсоннинг ўз айбини англаб йитиши учун унга берилган фурсат ҳам шу қадар оз эканлигини исботлаб берди, - деб ёзади ҳуқуқшунос.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пандемия шароитида айрим маҳкумларни афв этиш таклифи билдирилди

Жамият янгиликлари