date
views 2 873

Солиқчиларнинг олибсотарлар билан тили бирми?

Солиқчиларнинг олибсотарлар билан тили бирми?
Хабарингиз бор, Ўзбекистонда карнатин тартиби жорий этилиши ортидан аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб қўйиши ва маҳсулотларни етказиб беришда юзага келган ноқулайликлар сабаб бир қанча маҳсулотлар нархида кўтарилиш юзага келди. Хусусан, Республиканинг деярли барча вилоятларида ун нархининг ошиб кетганлигидан норозилик мурожаатлари кўпайиб кетди.

Унга бўлган эҳтиёжни қоплаш, етказиб бериш ва нархини мўтадиллаштириш борасида ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар томонидан бир қанча чора-тадбирлар олиб борилди, борилмоқда. Бироқ, чекка ҳудудларда вазият ҳамон оғирлигича қолаяпти. Бу ҳақда Холис фикрчи блогер ўз муносабатини билдирди:

"Айтишларича, кеча ҳафтада бир марта бозор бўладиган чекка ҳудудлардаги деҳқон бозорларида бир қоп уннинг баҳоси 245 минг сўмга чиқиб кетибди. Шу нархга ҳам рози аҳолининг катта қисми ун ололмай қолганидан хавотирда. Ахир, ун 300 минг сўмга чиқиб кетади, деган гап-сўзлар юрибди-да! “Аввалига бунга аҳамият бермагандик. Туман марказидаги ун дўконлари эшикларига ҳам қулф осилганидан кейин одам ваҳимага тушиб қоларкан”, дейди қишлоқ фаолларидан бири.

Бу ҳолат ун маҳсулотлари биржадан олиниб, «Ўздонмаҳсулот» АК корхоналарида ишлаб чиқарилган бир қоп ун нархи 125 минг сўм қилиб белгиланган бир пайтда кузатилаётгани ғалати. Ўйлаб қоласан, одам: ёки омборларининг таги кўриниб қолдими? Ғалла мустақиллигига эришганимиз ҳақида жар солиб келаётган «Ўздонмаҳсулот» бунга нима дейди? Кампания тарқатган маълумотларга ишонадиган бўлсак, тизим корхоналари омборларида 32 минг тоннадан ортиқ ун захираси бор. Ҳозирги карантин пайтида ҳам тизимдаги 50 ортиқ тегирмон цехи тўла қувватда ишлаб, кунига 6000 тоннагача ун тайёрланаётган экан.

Унда муаммо нимада? Импорт камайгани ички бозорни шунчалик алғов-далғов қилиб юбордими? Давлат божхона қўмитаси экспорт-импорт амалиёти тўхтатилмаганини айтмоқда. Шу йилнинг 18 апрель ҳолатига кўра, божхона омборларида жами 41,6 млн. АҚШ долларилик озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, 67 минг тонна буғдой, 233,9 тонна ун сақланмоқда. Ушбу маҳсулотлар божхона расмийлаштирувидан сўнг қисқа муддатларда ички бозорларга йўналтириларкан.

Демак, инсофсиз тадбиркорлар ва олибсотарлар ҳозирги вазиятдан устакорлик билан фойдаланмоқда. Шундай экан, нега солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томошабин бўлиб ўтирибди? Нима учун ҳозирги мураккаб шароитда ҳукумат топшириғини етарли даражада бажармайди? Ёки улар бундан бехабарми? Бунга ишонмайман. Ўша чекка бозорларда қанд-қурс cотиб тирикчилик қилаётганлар товарини олиб қўйган солиқчилар халқни қақшатиб, қиммат нархда сотилаётган машина-машина унларни кўрмайдими? Ё уларнинг олибсотарлар билан тили бирми?

Аслида, қишлоқ одамлари кўп нарсани талаб қилишаётгани йўқ. Улар эҳсон ҳам сўрамаяпти. Айримларга ўхшаб, хайрия марказларига телефон қилиб, озиқ-овқат келтириб бер, дейишни ор билади. Наҳотки, аҳоли уйида “қамалиб” ўтиришга мажбур бўлган ҳозирги оғир кунларда энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини тартибга солишнинг имкони бўлмаса? Ақалли ун нархини...
" — дея ўз мулоҳазаларини якунлаган блогер.

Шу ўринда айтиш жоизки, Ҳукумат топшириғига асосан, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган бир қоп ун 125 минг сўм қилиб белгиланди. Ушбу топшириқ ижроси таъминланиши ва вилоятлар бўйлаб ун нархи назоратга олинишидан умидвормиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Солиқчиларнинг олибсотарлар билан тили бирми?