
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 176-сонли қарорининг 12-бандига мувофиқ, Махсус комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмида белгиланганидек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш тегишли равишда жавобгарликка тортилишга олиб келади.
Қуйида махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар хронологик тартибда келтирилади:
19 март, № 1
Транспортнинг барча турларида халқаро йўналишларда йўловчи ташиш тўхтатилади
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги 2020 йилнинг 20 март кунидан эътиборан халқаро йўналишларда автобус, енгил автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортлари орқали йўловчи ташувлари 40 кун муддатга тўхтатилишини маълум қилади.
Ушбу чеклов, автомобиль, авиа, темир йўл, дарё транспортларида амалга оширилаётган юк ташувлари ва ташқи савдо юкларига нисбатан қўлланилмайди.
20 март, № 2
РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ
Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва республика бўйлаб касалликни тарқалишини олдини олиш мақсадида, шунингдек мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан республика махсус комиссияси йиғилишининг қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 21 мартдан эътиборан барча ҳудудларда фаолият юритаётган мавжуд кўнгил очар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, чойхона, ошхона (уйга элтиб бериш хизмати бундан мустасно) караоке, билярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилади.
Шунингдек, 23 мартдан бошлаб “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ мамлакатимиз фуқароларини соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлари билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади.
Мажлисда айни пайтда чет элларда бўлиб турган фуқароларни мамлакатимизга қисқа вақтлар ичида олиб келиш ва уларни белгиланган тартибда 14 кун карантинда сақлаш юзасидан кўрилаётган чоралар атрофлича муҳокама қилинди.
21 март, № 3
22 мартдан эътиборан мулкчилик шаклидан қатъий назар ташувчилар томонидан хизмат кўрсатилувчи йўналишлар бўйича Тошкент шаҳри ҳудудида барча жамоат транспорти (автобус, метро ва йўналишли такси) ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади;
- Йуловчилар гавжум йиғиладиган масканлар, метро бекатларида Тошкент шаҳрида барча жамоат транспорти ҳаракати вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида маълумотлар берилади;
- Шаҳримиздаги шифохоналарнинг тиббий жамоасини ишга ва уйга ташиш учун, уларнинг ходимлари сонига кўра, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг буюртмалари асосида керакли миқдорда махсус дезинфекция қилинган алоҳида автобуслар ажратилади;
- Жамоат транспорти ўрнига вақтинча Тошкент шаҳар Санитария эпидемиологик осойишталик маркази томонидан махсус дезинфекция қилинган таксилар ҳаракатланади.
Ҳар куни йўналишга чиққан ҳар бир таксига СЭОМ томонидан дезинфекция қилинганлиги ҳақида маълумотнома бериб борилади.
22 март, № 4
РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ
▪️Республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари 23 март куни соат 00:01 дан бошлаб барча шахслар учун (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқароларидан ташқари) ёпилади.
▪️23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан катъий назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.
▪️Ҳодим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилади, шунингдек карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилади.
▪️Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга “огоҳлантириш” берилади.
▪️25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади.
22 март, № 5
РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ
Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакатимиз ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва мамлакат бўйлаб касаллик тарқалишини олдини олиш, шунингдек, мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди.
Қарор билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари 23 март куни соат 00:01 дан бошлаб барча шахслар учун (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқароларидан ташқари) ёпилади.
Шунингдек, 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан катъий назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади. Ҳодим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилади, шунингдек карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилади.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга “огоҳлантириш” берилади. 25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади.
Тиббий ҳимоя воситалари, хусусан, ниқобларнинг танқислигини сунъий вужудга келтириб, нархини оширган “тадбиркор”ларга қатъий чоралар кўрилади.
Мамлакатимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда, айниқса 65 ёшдан юқори ва сурункали касали бор бўлган юртдошларимизни уйидан ташқарига чиқмасликлари ва кўчага чиққанда – шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлишлари тавсия этилади.
Барча савдо ва дехқон бозорларида савдо қилиш нуқталарида касаллик профилактикаси мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларини олдини олишга қаратилган чоралар кўрилади.
22 март, № 6
23 мартдан бошлаб ТОШКЕНТ шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан катъий назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.
Ҳодим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилади, шунингдек карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилади.
22 март, № 7
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга “огоҳлантириш” берилади.
25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади.
23 март, № 8
РАСМИЙ ХАБАР
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллигини республика ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрига республиканинг барча ҳудудларидан кириш ва Тошкент шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига чиқишни ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, автомобиль, авиа, темир йўл) 2020 йилнинг 24 март куни соат 00:01 дан бошлаб тўхтатиш бўйича қарор қабул қилди.
Бунда, Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Тошкент шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга Тошкент шаҳрига кириш учун татбиқ этилмаслиги белгиланди.
23 март, № 9
Тошкент шаҳрида 24 мартдан бошлаб барча буюм, автомобиль сотуви ва барча савдо комплекслари фаолияти вақтинча тўхтатилади.
Деҳқон бозорлари, супермаркетлар, шифохона ва дорихоналар фаолияти аввалги тартибда давом этади.
23 март, № 10
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 176-сонли қарори қабул қилиниб, унинг 2 ва 3-бандларида бир нечта қоидалар белгиланган.
2-банди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00.01 дан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб (кейинги ўринларда — Тартиб) жорий этилсин:
- коронавирус инфекцияси асосан Тошкент шаҳри ҳудудида аниқланганлигини инобатга олиб ва ушбу инфекция республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорти воситалари орқали) тўхтатилади, бундан ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
- Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида — иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимлари ҳамда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади;
- Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади;
- биринчи босқичда Тошкент шаҳрида, кейинчалик босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоят ва туман марказларида жойлашган барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойларини тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади;
- республика ҳудудига хорижий давлатлардан, шунингдек, Тошкент шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилиниши таъминланади;
- давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар «онлайн» режимга ўтказилади;
- фуқаролар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди;
- идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилади.
Ушбу банднинг бешинчи хатбошисида назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
- Миллий гвардия ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда ушбу банднинг учинчи хатбошисида белгиланган талабларга сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин;
- Тартибнинг амал қилиш даврида, заруратга кўра, қўшимча йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блок постлар ташкил этиш чораларини кўрсин.
3-банди. Тартибнинг амал қилиш даврида қуйидагилар ўрнатилсин:
а) коронавирус инфекцияси аниқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий фуқаролар, шу жумладан 2020 йил январь — март ойларида коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келган шахслар:
- Комиссия қарорларига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва эпидемияга қарши курашишга жалб этилган бошқа давлат ташкилотларининг қонуний талабларига риоя этишга;
- Ўзбекистонга қайтиб келганлиги, коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;
- ўзида касаллик аломатлари вужудга келганда касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;
- 14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга;
- санитария ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари ва изоляция режимида бўлишга оид талабларга қатъий риоя этиш, шу жумладан тиббий ҳимоя воситаларини қўллаш ва жамиятда бир-бирлари орасида масофани сақлашга;
- соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга мажбурдирлар;
б) давлат санитария назорати органлари томонидан изоляция қилиниши лозимлиги ҳақида талаб қўйилган шахслар билан бирга яшовчи шахслар ҳам 14 кун давомида ёки давлат санитария назорати органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга мажбурдирлар;
в) коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, банк карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади;
г) идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар раҳбарлари (иш берувчилар) қуйидагиларга риоя этишлари шарт:
- ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини мажбурий жорий этиш;
- иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимларни иш жойида бўлишига йўл қўймаслик ҳамда ушбу ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар етказиш;
- давлат санитария назорати органларининг талабномасига мувофиқ коронавирус инфекциясини юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш чораларини кўриш;
- ходимларга изоляция режимида бўлишга оид талабларга риоя этишда кўмаклашиш;
д) савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ёки бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузиш йўли билан дезинфекция воситалари билан таъминланади;
е) Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилади.
24 март, № 11
Қамчиқ довонида транспортлар ҳаракати тўхтатилди
Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Фарғона вилоятини Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлар билан боғловчи Қамчиқ довонида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланди.
Фақатгина Фарғона вилоятидан бошқа вилоятларда доимий рўйхатда турувчи фуқароларга яшаш манзилларига етиб олишларига имкон берилади.
«Фуқаролардан ушбу чекловларни тўғри қабул қилишларини, олиб борилаётган тадбирлар ва белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш орқали хавфли вируснинг республикамизда тарқалишини олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз!» — дейилади ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарида.
25 март, № 12
Жамоат жойларига ниқобсиз чиқманг!
Бугун, 25 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри, Нукус ва вилоят марказларидаги жамоат жойларига ниқобсиз чиққан ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади.
27 март, № 13
РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, 27 март соат 10:00 дан эътиборан вилоятлараро транспорт воситалари (автобус, автомобиль, шаҳарлараро такси, авиа, темир йўл транспорти)нинг ҳаракати (юк ташиш ҳоллари бундан мустасно) бутунлай тўхтатилади. Бунда муайян ҳудудга таалуқли автотранспортларнинг (транзит) ўз ҳудудларига кириб боришига рухсат берилади.
Бундан ташқари, вилоятлар таркибидаги шаҳар ва туманлараро транспорт қатнови ҳаракати ҳам вақтинча чекланади.
Мамлакатимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари), уйидан ташқарига чиқиши чекланади. Ўта зарур ҳоллардагина кўчага чиққанда (дорихона, озиқ-овқат дўконлари) – шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)да бўлиши шарт. Бордию фуқаролар уйидан ташқарига шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)сиз чиқса, қонунда белгиланган тартибда жаримага тортилади. Яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари миқдорида – 1 115000 минг сўм жарима қўлланилади.
Шунингдек, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда, фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида икки метр масафо сақлаши шарт. Кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилади. Бу таъқиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди.
Республика ҳудудидаги барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан ресторан, кафе, ошхона, чойхона, сингари тадбиркорлик субъектлари (уйга етказиб бериш хизмати бундан мустасно) мамлакатдаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашмагунига қадар фаолиятини тўхтатмай, давом эттираётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан кескин жазо чоралари кўрилмоқда.
28 март, № 14
РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, 30 март соат 00:01 дан 20 апрель 00:01 га қадар Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилади ва авиақатновлар бутунлай тўхтатилади.
28 март, № 15
РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, 2020 йил 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар ВИЛОЯТЛАРАРО, ТОШКЕНТ ВА НУКУС ШАҲАРЛАРИ ҲАМДА ВИЛОЯТЛАР МАРКАЗЛАРИДА Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади.
Мазкур рухсатномалар қуйидаги фаолиятларни амалга ошириш учун бириктирилган автотранспорт воситаларига тақдим этилади:
?озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур ташкилотларда доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;
?Санитария ва гигиена маҳсулотларини (коронавирус инфекциясидан ҳимояловчи ва дезинфекция қилувчи воситалар) ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо, дорихона фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситалари;
?Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли автотранспорт воситалари.
Бунда, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчи ходимлари марказлашган тартибда автобус (микроавтобус) орқали Корақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларига киритиши белгилаб қўйилмоқда.
28 март, № 16
РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ
Шу билан бирга, республика махсус комиссиясининг қарори билан кўчаларда ҳаракатланиши учун қуйидаги автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома талаб этилмайди:
?Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг дипломатик хизмати ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таклифларига мувофиқ ташриф этилган халқаро ташкилотларнинг делегациялари аъзоларининг тегишли автотранспорт воситаларига;
?Аҳоли ва ташкилотларга коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларга (газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава ва бошқа ташкилотлар) тегишли автотранспорт воситаларига;
?алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотларга тегишли автотранспорт воситалари ҳамда “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг почта жўнатмаларига;
?тижорат банкларига тегишли хизмат автотранспорт воситаларига;
?тиббий ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи корхоналарнинг автотранспорт воситаларига;
?ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус ҳамда қутқарув корхоналарининг автотранспорт воситаларига;
?N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларига ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб келаётган М1 (бир нафар йўловчи билан) тоифадаги автотранспорт воситаларига;
?вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарларининг автотранспорт воситаларига;
?йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларга (ўзларининг рўйхатдан ўтган маъмурий ҳудуди доирасида) йўловчиларсиз, етказиб бериш хизмати (курьер, доставка)ларига;
?етказиб бериш хизмати (кейтеринг) ташкилотларининг автотранспорт воситаларига, шунингдек, йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи ташкилотларнинг етказиб бериш хизматини кўрсатаётган автотранспорт воситаларига;
?фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, тан жароҳати, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситаларига;
?дафн маросимларида хизмат кўрсатувчи махсус автотранспорт воситаларига;
?йўл-патрул хизмати автомобиллари ёрдамида кузатилаётган автотранспорт воситалари шулар жумласидан.
Қайд этиш лозимки, махсус рухсатнома талаб этиладиган автотранспорт воситаларига (тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда) Махсус рухсатномалар бериш тизими жорий йилнинг 29 март соат 09:00 дан амалиётга жорий этилади.
Адлия вазирлиги томонидан бериладиган махсус рухсатнома асосида ҳаракатланадиган бошқа автотранспорт воситалари фақатгина ушбу муассаса ва ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ ҳолда ҳаракатланишига рухсат берилади. Шахсий манфаат йўлида фойдаланиш қатъиян ман этилади.
31 март, № 17
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг хабари
Маълумки, жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, шу жумладан инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда.
Юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадида қатор чеклов чоралари жорий этилди.
Хусусан, таълим муассасалари таътилга чиқарилди, озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан бошқа савдо объектларининг фаолияти тўхтатилди, кўплаб ташкилотларда ходимлар меҳнат таътилига чиқарилди ёки масаофавий ишлашга ўтказилди.
Бундан ташқари, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланди.
Шунга кўра Тошкент шаҳридаги Давлат хизматлари марказлари орқали 10000 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали 6000 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди.
Ҳозирга пайтгача 1 кун ичида тезкор равишда 5500 та рухсатномалар расмийлаштирилди.
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказидаги Давлат хизматлари марказларига кўплаб фуқаролар ташрифи кузатилди.
Бу ҳол карантин талабларининг бузилишига, кўплаб фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир жойда тўпланишига сабаб бўлди. Бундан ташқари айнан шу масалада фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар бўлди.
Шунинг учун амалдаги тартибни такомиллаштириб, республикада автотранспорт ҳаракати билан боғлиқ келиб тушган таклифларни эътиборга олиб, янги тартиб ишлаб чиқилди.
Эндиликда автотранспорт воситаларини бошқариш учун берилалиган рухсатнома (стикер) учун аризани масофадан туриб, яъни онлайн тарзда топширилиши бўйича тизим жорий этилди.
Унга кўра, махсус рухсатномани бериш бепул амалга оширилади.
Бунинг учун онлайн шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сўровнома тўлдирилиши лозим.
Тартибга кўра, қуйидаги турдаги автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома берилади:
биринчи, озиқ-овқат маҳсулотлари (жумладан тамаки ва алкоголь) ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи тадбиркорлар ва у ерда ишлайдиган ходимларнинг автотранспорт воситаларига. Бунда дорихоналар учун фақат ҳар бир дорихонага бир дона автотранспортга рухсат берилади;
иккинчи, умумий овқатланиш корхоналарининг етказиб бериш хизматини (курьер ва “доставка”) кўрсатаётган автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур корхоналарда доимий ишловчи ходимларнинг шахсий автотранспортига;
учинчи, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли М1 тоифадаги автотранспорт воситаларига.
Шунингдек, ишлаб чиқариш ва технологик жараёни тўхтатилиши мумкин бўлмаган корхоналар, гигиеник ниқоб ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, деҳқон бозорларининг ходимларига тегишли вазирлик ва идораларнинг Адлия вазирлигига киритадиган мурожаатига асосан алоҳида рухсатномалар расмийлаштириб берилади.
Бундан ташқари, махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш ҳуқуқи берилган автотранспорт воситалари рўйхати ҳам тасдиқланди.
Масалан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат машиналари ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларига рухсатнома талаб этилмайди.
Бунда мазкур ташкилотларнинг ходимлари ушбу кўрсатилган ташкилотларда фаолият юритаётганлиги тўғрисидаги меҳнат дафтарчаси нусхаси ва иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат асосида ҳаракатланади. Ушбу ходимлар фақат иш жойига етиб бориш ва уйга келиш мақсадида ўз автотранспортидан фойдалана олади, яъни фақат хизмат юзасидан ҳаракатланишига йўл қўйилади.
Худди шундай, мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 (бир нафар йўловчи билан) тоифадаги жисмоний шахсларга тегишли шахсий автотранспорт воситаларига рухсатнома талаб этилмайди. Бундан кўзланган мақсад, бозорларга озиқ-овқат масҳулотларини эркин кириб келишини таъминлаш ва нархларнинг асоссиз ошиб кетишини олдини олишдир.
Махсус рухсатномани олиш тартиби, шунингдек автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати ОАВ орқали эълон қилинди. Улар билан батафсил танишиб чиқишингиз, унда белгиланган чекловларга қатъий амал қилишингиз сўралади.
Шу билан бирга бугунги кундаги ижтимоий масофалашувни сақлаш (жамоат жойларида ҳам 1,5-2 метр масофани сақлаш), кўчаларга муҳим зарурият бўлмаганда чиқмасликка чақирамиз.
Автотранспортлар ҳаракатининг чекланиши ноқулайликлар туғдириши табиий, шу билан бирга республикада коронавируснинг кенг тарқалиб кетишини олдини олишда ҳозирги шароитда бу энг зарур ва мақбул йўлдир.
1 апрель, № 18
РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ
Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ:
жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилади. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади.
Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади.
Комиссия қарорига кўра, якка тартибдаги хайрия акциялари давомида COVID-19 вирусининг янада кенг тарқалиш хавфи жуда юқори. Мазкур жараёнда якка тартибдаги хайрия акцияларини жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатиш мақсадга мувофиқдир.
Хайрия тадбирлар қуйидаги марказлашган тартибда амалга оширилади:
? Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида шундай механизм жорий этилади;
? Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этади;
? жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали сантитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қаътий риоя этилган ҳолда (махсус кийим бош ва шаҳсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда) эҳтиёжмандларга етказиб берилади;
? аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига хайрия ёрдамларини шахсан етказиш истагида бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда саҳоватпеша инсонлар ва кўнгилли (волонтёр) лар ушбу хайрия тадбирларида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва жараёнда қатнашишга таклиф этилади;
? эҳтиёжманд оилаларга берилган хайрия ёрдамлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.
Пул кўринишидаги маблағларни “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиш тавсия қилинади.
Ушбу тартибга катъий амал қилиниши талаб этилади.
4 апрель, № 19
4 апрель куни Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида бу йўналишда қуйидаги қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Жорий йил 6 апрелдан эътиборан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилади:
- шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно;
- ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади;
- 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.
Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин.
4 апрель, № 20
4 апрель куни Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида бу йўналишда қуйидаги қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Комиссия қарорига кўра, жорий йил 6 апрелдан эътиборан “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилади:
Карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.
Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрель соат 06:00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланади.
Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар — озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.
5 апрель, № 21
КОРОНАВИРУС КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШИШ РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИНИНГ АХБОРОТИ
Мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллигини республика ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш ҳамда назоратдан чиқармасликни таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йил 4 апрель санасида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида бу йўналишда қуйидаги қўшимча чора-тадбирлар белгиланди:
Биринчидан, жорий йил 6 апрелдан эътиборан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилади:
◾️шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно;
◾️ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади;
◾️65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.
❗️Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин.
Иккинчидан, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади.
Бунда ушбу мажмуаларга ташриф буюраётган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 С ва ундан юқори бўлганда, мазкур фуқаролар ушбу мажмуаларга киритишга йўл қўйилмайди.
Бунда ушбу фуқароларга зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тавсия этилади.
Шунингдек, марказлашган ҳолда пирометрларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига икки кун муддатда етказиб берилади.
Учинчидан, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) ҳамда карантин тадбирлари учун ажратилган жойларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда мажбурий тартибда амалга ошириб борилади.
Тўртинчидан, карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида ‼️автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.
Бешинчидан, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрель соат 06-00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланади.
Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.
8 апрель, № 22
Эртага, 9 апрелдан бошлаб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ, Ангрен, Янгийўл ва Чирчиқ шаҳарларида карантин тартиблари янада кучайтирилади. Фуқароларнинг ушбу ҳудудларга кириши ва чиқиши чекланади. Фавқулодда ҳолатлар ҳамда юк автомобиллари бундан мустасно.
Вазиятдан келиб чиқиб, ушбу ҳудудларга ёндош туманларда озиқ-озиқ ярмаркалари ташкил этилмоқда.
9 апрель, № 23
2020 йил 9 апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш ТЎХТАТИЛДИ.
Асос — Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги қарори.
Бунда автотранспорт воситаларига мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди.
Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилиб, алоҳида эълон қилинади.
Кўриб чиқиш жараёнида бўлган аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилади.
9 апрель, № 24
Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги қарорига асосан автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилиб, эълон қилинди.
Мазкур рўйхат асосида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларига нисбатан татбиқ этилади ва 2020 йил 10 апрель соат 06:00 дан бошлаб амал қилади.
14 апрель, № 25
Республика махсус комиссиясининг хабари
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш юзасидан бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси тарқалишига қарши кураш борасида давлат органлари ҳамда жамоатчиликнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган ишлар МДҲ давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичда ташкил этилганлигини алоҳида эътироф этгани ҳам амалга оширилаётган ишларга берилган ижобий баҳо бўлди.
Карантин шароитида фуқароларимизнинг белгиланган тартиб-қоидаларга онгли равишда қатъий риоя этаётганлиги коронавирус пандемияси тарқалишини жиловлашда муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бирга Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига асосан коронавирус пандемияси тарқалишини чеклаш борасидаги фаолиятни самарали ташкил этиш бу борада яна қўшимча чора-тадбирлар белгилашни тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 2020 йил 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган қуйидаги чоралар белгиланмоқда:
- Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жорий этилган коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чекловлар Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларига нисбатан ҳам татбиқ этилади;
- пенсионер ва нафақахўрларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар май ойидан пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш орқали амалга ошириш чоралари кўрилади. Бунда, барча ҳудудлар нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар билан ҳамда улар нақд пул билан таъминланади;
- нақд пуллар сақланадиган пул омборхоналари ва қайта санаш кассалари ҳафтада 2 маротаба дезинфекция қилинади;
- давлат хизматлари марказлари томонидан вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ҳаракатланиш учун берилган махсус рухсатномалар карантин тугагунига қадар амал қилади (бунда махсус рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича қўшимча ҳаракатлар талаб этилмайди).
Қўшма қарорда Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 апрелдаги 17-сон баёни билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатини амалиётда қўллаш билан боғлиқ турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатнома талаб этилмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди:
давлат соғлиқни сақлаш тизимига кирувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари (1-банд);
хусусий тиббиёт ташкилотлари (хусусий клиника, дорихона ва бошқа тиббиёт ташкилотлари)нинг хизмат автотранспорт воситалари (2-банд);
йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар (шу жумладан, шахсий давлат рақамли автотранспорт воситалари) йўловчиларсиз, етказиб бериш хизмати кўрсатиш мақсадида (4-банд) ҳаракатланиши учун махсус рухсатнома (стикер) талаб қилинмайди.
Шунингдек, қўшма қарорда Давлат солиқ қўмитасига озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар, шунингдек, биринчи навбатдаги зарур маҳсулотлар етказиб бериш хизмати кўрсатишда нархларнинг асоссиз равишда кўтарилишининг олдини олиш чораларини кўриш топширилди.
Қўшма қарорга мувофиқ, карантин даврида ногиронлик муддати тугайдиган фуқароларни қайта кўрикдан ўтказмасдан, ногиронлик муддатлари автоматик тарзда узайтирилган ҳолда пенсия (нафақа) тўловлари давом эттирилади.
Шунингдек, карантин даврида пенсия ва нафақа (жумладан, дафн маросими ва бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа)ларга ҳуқуқи пайдо бўлган фуқароларга, карантин тадбирлари тугагандан кейин 1 ой давомида Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат этиш ҳуқуқи тақдим этилади, бунда уларга пенсия (нафақа)лар карантин чекловлари давридаги ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинланади.
Банк пластик карталари ва ишончнома орқали пенсия (нафақа) олаётган ҳамда тайинланган пенсия (нафақа)га бўлган ҳуқуқини тасдиқлаш муддати келган, шахсни тасдиқловчи ҳужжати (паспорт) муддати тугаган фуқаролардан ҳужжат талаб этмасдан, тўлов муддатлари 4 ой муддатга узайтирилади.
Иқтисодиёт тармоқларининг муҳим йўналишлари ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотларини фаолиятини давом эттириш, шунингдек, йирик қурилиш объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттириш (бошлаш)га Республика махсус комиссиясининг ҳудудий штаблари раҳбарларининг қарорига (йиғилиш баёни) мувофиқ рухсат берилиши белгиланди. Бунда ушбу ташкилотларнинг фаолияти даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиши, шунингдек, уларни овқатлантиришни мазкур объект ҳудудида ташкиллаштириш учун шахсий жавобгарлик тегишли хўжалик бирлашмаси раҳбари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланади.
Оммавий-ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотлар асосида
Х.Содиқов ва А.Абдуғаффоров томонидан тўпланди
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Х.Содиқов ва А.Абдуғаффоров томонидан тўпланди
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар