15:15 / 26.04.2020
2 834

Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган биринчи бемор соғайди (фото)

Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган биринчи бемор соғайди (фото)
Фото: «Дарё»
Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган биринчи бемор соғайиб, шифохонадан реабилитация марказига олинди, дея хабар беради «Дарё».

Кеча, 25 апрель куни, Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган беморларнинг тўрт нафари буткул соғайган. Айтилишича, соғайганларнинг икки нафари эркак, икки нафари эса вояга этмаган бола.

«Икки нафар фарзандим ва ўзим шу хасталикка чалиндим. Ҳозир ҳаммамиз дарддан фориғ бўлдик. Даволаниш чоғида шифокорларнинг, ҳукуматнинг ёрдамини ҳис қилиб турдик. Ҳали даволанаётганлар орасида қариндошларимиз ҳам бор. Уларнинг ва барча беморларнинг ушбу хасталикни енгиб ўтишларини истайман», — дейди коронавирусни юқтирган биринчи бемор.

Фото: «Дарё»
Вирусга чалинганлар билан мулоқотда касалликни юқтирган яна бир беморнинг таъкидлашича, у мазкур касаллик аломатларини сезгач, ўзини изоляцияга олган. Бу эса касалликнинг оила-аъзоларига юқишининг олдини олишига сабаб бўлган.

«Бугун қайта туғилдим. Касаллик менда енгил кечди. Шифохонага ҳароратим кўтарилиши сабаб келгандим. Менга ёрдам беришгани учун шифокорларга, раҳмат», — дейди Ҳасан Качалиев.

Фото: «Дарё»
Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокори, тиббиёт фанлари доктори Саъдулла Вафоқуловнинг таъкидлашича, коронавирусдан даволанаётганлар орасида беш-олти йилдан буён тўшакда ётган 80 ёшли бемор ҳам бўлиб, ҳозирда у ўзини тетик ҳис қилмоқда.

«Шифохонага юқори малакали шифокорлар ҳам жалб этилгани, доимий равишда пойтахтлик, хорижлик мутахассислар билан алоқада бўлингани туфайли беморларга тизимли ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирда бошқа беморларнинг ҳам аҳволи яхши. Улар доимий назоратда. Яқин кунларда улар ҳам тузалади», — дейди Саъдулла Вафоқулов.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда вилоятда коронавирусга чалинганлар 43 нафарни ташкил этиб, 5113 нафар фуқаро карантинга олинган. Шундан 743 нафари стационар шароитда тиббий кузатув остида бўлса, 4370 нафари уй шароитида карантинда сақланмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган биринчи бемор соғайди (фото)