date
views 3 651

“Ура-ура”чилик қачонгача?!

“Ура-ура”чилик қачонгача?!
Бухородаги кечаги табиий офат талафотларидан ҳикоя қилувчи суратларга боққан одамнинг ичи ачишади, албатта. Уйлар ва экин майдонларининг жиддий зарар кўриши, биринчи навбатда, аҳоли турмушига зарба бўлиб тушди. Айниқса, бугунги шароитда бу — дард устига чипқондай бўлди.

Майли, Президент ҳудудга борди, масъуллар ва аҳоли билан учрашди, аҳволни ўрганди. Демак, давлат буни шундай ташлаб қўймайди. Бундан кўнгил тўқ. Лекин ўша суратларга қарасангиз, улар сизга бошқа бир нарсаниям айтади.

Эътибор қилинг, шамолда томи учган, талафот етган иморатларнинг аксарияти — биз кеча ура-урачилик билан қурган, замонанинг ноёб лойиҳаси, деб топилган намунавий уйлар... Мустақиллик байрамигача фалон массивда фалонта уй, Наврўзгача фалонта тураржой... Бу зарар ўша саналарга топинишимиз товони эмасмикан, деб ўйлаб қоласан киши.

Эски замонлардан қолган (совет даврида КПССнинг фалон съездигача битиришга социалистик мажбурият олганмиз, деган гаплар бўларди) асоратлардан қутилайлик. Саналар номи билан қасам ичмасдан, оддий одамга ўхшаб қурайлик, яшайлик.

Сал нарсадан илҳомланиб, ҳовлиқиб, эсанкираб, матбуотга чиқиб, ўзимиз ва хом-хатала ишимизни кўрсатиб кариллашни тўхтатайлик. Ишимизга професионалларча ёндашайлик. Энди биргина одамнинг кўнглини олиш учун ишланадиган замонлар ўтиб кетганини тушуниб етайлик. Одамлар розилигини олишга хизмат қилайлик.

Энг муҳими, табиатимиздаги баъзи ҳодисалардан ҳуда-беҳуда руҳланиб кетиш кайфиятини жиловлайлик... Нормал одамларга ўхшаб ишлашга ўрганайлик. Бўлмайдиган нарсани бўлдиришга, зўрма-зўраки ғояларни ҳаёт тарзимизга айлантиришга тиришмайлик!

Манба: platforma.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Ура-ура”чилик қачонгача?!