15:05 / 06.05.2020
3 042

«Сифатсиз қурилишларга масъул раҳбарларнинг истеъфога чиқарилиши шу кунларда жуда ўринли бўлар эди»

«Сифатсиз қурилишларга масъул раҳбарларнинг истеъфога чиқарилиши шу кунларда жуда ўринли бўлар эди»
Сардоба сув омборининг бузилган тўғони ўрнидан чиқиб келаётган баланд тўлқинлар, 2020 йил 1 май.
Кадр: Telegram

«Сирдарё ва Бухоро вилоятларидаги фожеадан жуда кўп хулоса ҳамда сабоқларни чиқаришимиз керак бўлади», деб ёзади блогер @davletovuz.

Биринчидан, коррупцияга қарши қоғозда ё гапда эмас, амалда курашадиган вақт келди. Йўқса, ҳар бир кечикилган куннинг бадали оғир бўлади. 2017 йилдан кучга кирган декларатив қонун ҳам, ҳар икки йилда янгиланаётган коррупцияга оид давлат дастурлари ҳам, идоралараро комиссия ҳам, парламентдаги шунчаки номига «коррупция» сўзи қўшилган қўмиталар ҳам жўяли натижа бермади.

Кураш одатда майда порахўрлар, айниқса, пора берганларга қарши танлов асосидаги кампания бўлиб қолаяпти. Жиноят кодексидаги коррупция учун жавобгарлик ўша-ўша ҳолича қолаяпти. Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда республика судлари томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан 191 шахсга нисбатан 145 та иш, 211-моддаси (пора бериш) билан эса 1179 шахсга нисбатан 995 та иш кўрилган. Нисбатни қаранг. Манфаатлар тўқнашуви, тендер, давлат харидлари тўлиқ шаффофлаштирилиши керак.

27 апрелда содир бўлган кучли шамол натижасида томлари зарар кўрган Бухородаги намунали уйлар.
Фото: Президент матбуот хизмати

Иккинчидан, қурилиш соҳасидаги бум, аввало, соҳада коррупция учун уя, ноқонуний йўллар билан топилган пулларни ўзлаштириш, легаллаштириш йўли, «бир кунлик» компаниялар оммалашган соҳа, давлат буюртмалари эса оч шоқолларга тайёр охўр бўлиб қолди. Бу исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Давлат қурилиш соҳасидаги регламентларни тўлиқ қайта кўриб чиқиши, коррупцион факторларни мумкин қадар истисно қилиши, давлат ва квази-давлат буюртмалари тўлиқ шаффофлаштирилиши, битта мих сотиб олинса, уни оддий одамлар кўра олиши керак.

Сардоба сув омборидаги авариядан сўнг сув тошқини ичида қолган намунавий уйлар, 2020 йил 1 май.
Фото: Telegram / @Gulistonliklar_uz

Учинчидан, Сирдарёдаги фожеа ва Бухородаги табиий офат оқибатлари учун сиёсий жавобгарлик бўлиши керак. Албатта, тергов барча айбдорларни жавобгарликка тортади. Лекин Сардобада ҳам, Бухорода ҳам кўзбўямачилик қилган, гидротехника иншооти ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши учун бевосита масъул бўлган раҳбарлар истеъфога чиқарилиши шу кунларда жуда ўринли бўлар эди. Чунки улар ҳеч кимга, ҳеч бир сайловчига ҳисобдор эмас. Агар демократик жамият бўлганда, улар аллақачон жамоатчилик босими остида тавбасига таянтирилар эди. Бу бошқа амалдорларга ўрнак бўлиши, келажакда хатоларни такрорламаслик, халқ ва Президентга ёлғон гапириш оғир оқибатларга олиб келишини тушуниши учун ҳам қилиниши керак.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров, «Ўзбекгидроэнерго» раиси Абдуғани Сангинов ва Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 2 майда тўғон ўпирилган жойда.
Фото: президент матбуот хизмати

Тўртинчидан, бизга ҳақиқий парламент, чинакам, ижро органининг барча бўғинини ҳисобдор қила оладиган депутатлар керак. Бу энди ўлмас мавзу ва орзу.

«Буларнинг барчаси, албатта, шунчаки ИМҲО», — деб @davletovuz ўз муносабатини одатдагидек якунлаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Сифатсиз қурилишларга масъул раҳбарларнинг истеъфога чиқарилиши шу кунларда жуда ўринли бўлар эди»