23:10 / 07.05.2020
3 394

Алишер Усмонов Сардобадаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 15 млн доллар ажратди

Алишер Усмонов Сардобадаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 15 млн доллар ажратди
Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги сув омбори тўғони бузилиши ва сув тошқини юзага келишидан жабр кўрган аҳолига кўмак бериш учун 15 миллион доллар миқдорида хайрия маблағи ажратди.

IntelliNews нашри хабар беришича, бу маблағнинг 10 миллион долларлик қисми Ўзбекистон учун, 5 миллион доллари эса Қозоғистон учун тақдим этилган. Kun.uz манбаси бу маълумотни тасдиқлаган.

Tengrinews.kz нашри хабарига кўра, сув тошқинидан жабр кўрган Туркистон вилояти ҳокимлиги 5 миллион 202 минг доллар ажратилганини тасдиқлаган.

«Бу маблағлар жабрланган 5202 оила бошлиқларига ўтказиб берилади», деган ҳокимиятдаги манба.
1 май куни Сирдарёнинг Сардоба туманида рўй берган сув тошқини оқибатида атрофдаги ҳудудлардан, жумладан Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан ҳам жами 90 мингга яқин киши эвакуация қилинди.

Сув Қозоғистон жанубига кириб бориши туфайли Туркистон вилояти Мақтараал туманида 10та қишлоқни сув босди ва хавфли ҳудудлардан 30 мингдан ортиқ киши кўчирилди.

Қайд этиш керакки, Алишер Усмонов сўнгги ойларда коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон аҳолиси учун икки марта хайрия маблағи ажратганди.Март ва апрель ойларида у жами 25 миллион доллар миқдоридаги маблағни коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасидаги Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамғармасига ўтказиб берганди.

Financial Times нашри маълумотига кўра, у 2019 йилда ҳам бир неча юз миллион доллар миқдоридаги маблағни Ўзбекистондаги ижтимоий ва маданий лойиҳаларга йўналтирган.

Forbes журналининг 2020 йилги маълумотига кўра, Алишер Усмоновнинг бойлиги 13,4 миллиард долларни ташкил этади. У Россияда энг бадавлат тадбиркорлар рейтингида еттинчи ўринда жойлашган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алишер Усмонов Сардобадаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 15 млн доллар ажратди