04:00 / 10.05.2020
11 029

Оилада ота-онанинг вазифаси

Оилада ота-онанинг вазифаси
Дунёда ота-она энг улуғ зотлар ҳисобланади. Чунки улар ўз фарзандлари учун ҳаётини, меҳрини бағишлайди.

Фарзанди катта бўлиб, оила қуриб кетгандан кейин ҳам у ҳақда қайғуришдан тўхтамайди. Ота-она фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб, катта қилади, касал бўлса, даволайди, едиради, кийдиради, уни оқ ювиб, оқ тарайди. Умуман, фарзандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга ҳаракат қилади.

Ҳатто бунинг учун ўзлари ейиш-ичиш, кийиниш ва шу каби нарсалардан маҳрум бўлсалар ёки кечалари уйқудан қолсалар ҳам. Бугун ёшларимиз бахтли, чунки уларнинг ота-оналари бошида, улар учун керакли нарсаларни ортиғи билан олиб бермоқда. Тўғри, бу ишлар ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Афсуски, баъзи ота-оналар ўзларининг вазифалари фақат шу деб ўйлашади.

Ҳолбуки, булардан ҳам муҳим, булардан ҳам қийин ва булардан ҳам асосий вазифа ҳам бор, бу фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбиясидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “ Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди ”. Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан.

Тан олиш керакки, баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача ишлаб, кўча-кўйда юради, уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига вақт ажрата олмайди. Натижада фарзанд тарбияни телефон, интернет, телевизор ҳамда кўча-кўйдан олмоқда.

Шундай тарзда улғайган бола яхши хулқли, одобли, илм-маърифатли ва келажакда эл-юртига хизмат қилиб, ота-онасига раҳмат олиб келадиган бўлиб улғайишига ким кафолат бера олади?! Бир одам ўғли билан бирга ҳазрат Умар (р.а.)нинг ҳузурига келди:
“Бу ўғлим, менга итоат этмайди”, дея шикоят этди.

“Аллоҳдан қўрқмайсанми, нега ота-онангга қарши чиқасан? Ота-онанинг фарзандда жуда кўп ҳақлари бор”, дея ҳазрати Умар ўсмирни огоҳ этиб, танбеҳ бердилар.
“Эй мўминлар амири, боланинг ҳам отада бирон ҳаққи борми?” дея сўради ёш йигит.

“Ҳа, бор. Аввал яхши хотинга уйланиши, бола туғса, яхши исм қўйиши, унга Қуръони каримни ва фарз ибодатларини ўргатиши, уйланадиган ёшга етгач уйлантириши – боланинг отасидаги ҳақларидандир”, дедилар ҳазрати Умар.
“Аллоҳга қасамки, отам мусулмон аёлларни қолдириб, 400дирҳамга сотиб олган бир чўри билан турмуш қурди.

Менга яхши исм қўймади. Исмимни қурт – ҳашорат маъносида Жуҳла деб қўйди. Менга Қуръони каримдан ва ибодатлардан ҳеч нарса ўргатмадилар”, деди. Буни эшитган ҳазрати Умар ўсмирнинг отасига қараб: Ўғлим менга итоат этмайди, дейсан. Ҳобуки, у сенга қарши чиқишдан аввал сен уни ҳақларини топтаб, фарзандинг олдидаги вазифаларингни адо этмабсан-ку. Энди бор, аввал ўз вазифаларингни бажар, — дея ҳалиги кишига танбеҳ берган экан.

Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши керак.
Шунинг учун халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бежиз айтилмаган.

М. Абдуллаев
Урганч шаҳар «Охун бобо» масжиди имом-ноиби

Манба: Diyonat.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Оилада ота-онанинг вазифаси