09:13 / 10.05.2020
6 211

«Хатми Қуръон» нима ва у қандай бажарилади?

«Хатми Қуръон» нима ва у қандай бажарилади?
«Хатм» тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради. «Хатми Қуръон» деганда Қуръони Каримни бошдан-охир тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди.

Шунингдек, Қуръонни ўзи нозил бўлган тилда – араб тилида ўқиб чиқилгандагина, хатми Қуръон қилган ҳисобланади, таржима ё тафсирини ўқиб чиқиш, гарчи буюк ажру савобларга эга амал бўлсада, хатми Қуръон саналмайди. Чунки Қуръоннинг маъноси ҳам, лафзи ҳам Аллоҳ таолодан. Уни бошқа тилга ўгирилганда маъноси ифода топса ҳам, лафзи ўзгаради, бузилади ва Қуръонлиги йўқолади.

Хатми Қуръон қилиш суннат амалдир. Қуръони Каримни умуман ўқимаслик, уни беэътибор ташлаб қўйиш энг катта гуноҳлардан бўлиб, у «Қуръонни ҳажр қилиш» дейилади. Бу гуноҳдан омонда бўлиш учун Қуръонни хатм қилиб туриш керак бўлади.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида шундай марҳамат қилади:
«Яна Расул: «Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръ¬онни ҳажр этдилар», деди» (30 оят).

«Ҳажр» бир нарсани тарк этиш, бепарво ташлаб қўйиш, юз ўгириш, яккалаш маъноларини англатади. Оятнинг зоҳирий маъносида мушрикларнинг Қуръонга қулоқ тутмай, ундан юз ўгирганлари назарда тутилган бўлсада, унинг мазмунини қироат имомлари кенгроқ тушунишади. Айрим уламолар бундай дейди: «Қуръонни ҳажр қилиш беш хил бўлади:

1. Уни тинглашни ва ўқишни ташлаш;
2. Унга амал қилишни ташлаш, ҳалол ҳаром ҳақидаги ҳукмларига эътибор бермаслик;
3. Эътиқод ва амалда уни ҳакам қилмаслик;
4. Уни тадаббур қилишга, фаҳмлашга қунт қилмаслик;
5. Қалбий ва жисмоний касалликларда ундан даво изламаслик».

Ушбу ҳажр турларининг барчаси мазкур оят остига киради, гарчи уларнинг бирининг гуноҳи бошқасиникидан енгилроқ бўлса ҳам. Ҳажрнинг кейинги тўрт тури Қуръони Каримнинг маъноларини тушунишга ҳаракат қилишни ҳам тақозо этади.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири бўлмиш «Фатовои ҳиндия» номли асарда: «Ким Қуръонни йилда бир марта хатм қилиб турса, Қуръонни ҳажр қилган бўлмайди», дейилган.

«Қуръонни хатм қилиш» деганда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Қуръонни бир четдан тўлиқ эшитиб чиққан киши ҳам хатм қилганлик савобига эга бўлсада, уни хатм қилди, дейилмайди.

«Хатми Қуръонга марҳабо!» китобидан

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Хатми Қуръон» нима ва у қандай бажарилади?