date
views 2 627

Ислом дини "пиар"га муҳтож эмас!

Ислом дини "пиар"га муҳтож эмас!
Дунёни сув босибдию, масжид бус-бутун қолибди, ҳаммаёқ ёниб кул бўлибдию Қуръонга ҳеч нарса қилмабди, дея аюҳаннос солувчи “юксак фаросатлилар”га!

Бошиданоқ айтай, менинг расмий диний билимим йўқ. Лекин зарур ибодатимни қилишим, зиммамдаги фарзни адо этишим учун ақлим етарли. Демоқчиманки, бу постдан диний адоват учун дастак изламанг!

Охирги пайтларда, айниқса қатор офатлардан кейин “Аллоҳнинг мўъжизасини кўринг, ҳамма жойни сув босса ҳам масжидга ҳеч нарса қилмабди”, “Ён атроф ёниб кетганда ҳам Қуръон бус-бутун қолибди” деган суратли лавҳалар тарқалди. Уларни кўрган одам борки танишига улашди, гўёки ҳамма ҳайратда!

Хўш, динимиз шунақа арзон пиарга муҳтожми?

Шунақа лавҳалардан кейин Исломнинг қуввати ошади, дея ўйлаш ғирт калтабинлик эмасми? Дейлик, қайсидир дунёқараши ҳаминқадар инсон шу лавҳадан ҳайратланди ва динга ҳурмати ошди. Кейин, кунлардан бир куни масжиднинг қулаган девори ёки қайсидир ярамаснинг қўлида ёнаётган Қуръони каримни кўрди. Энди унинг идеал тасаввурлари чилпарчин бўладими?

Ахир масжиднинг ҳам, Каломуллоҳнинг ҳам бор қудрати унинг инсонга берувчи маънавий озуқасида, қачондур қуловчи ғишт ёки олов тегса ёнувчи қоғозда эмас!

“Манави калимани ўқиб ўн кишига жўнатсанг эртага тушгача бойиб кетасан” деган хабарларни тарқатувчиларку жуда-жуда жонга тегди. Шунақа қилувчилар орасида бир қарашда туппа-тузук одамлар борлигини кўриб, ҳайрон қоласан.

Калла билан фаросатни ишлатиш вақти келди!

P.S. “Чинданам бутун қолган масжидлар суратига ёки бутун қолган Қуръони каримга нима дейсиз?” дейдиганлар: агар бошқа бинолар ҳам масжидлар сингари ўғирликсиз, инсоф ва ақл билан қурилса, анча-мунча талафотга дош беради. Шунингдек, китоблар ҳам кўпчилик одатича Каломуллоҳ сингари эъзозланиб, эҳтиёт жойда сақланса, ёниш эҳтимоли камаяди.

Аброр Зоҳидов,
журналист
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ислом дини "пиар"га муҳтож эмас!