08:23 / 01.06.2020
4 792

Қашқадарёда папайя — “қовун дарахти” оммалашмоқда

Қашқадарёда папайя — “қовун дарахти” оммалашмоқда
Юртимизнинг иқлим шароитига хос бўлмаган тропик дарахтлардан бири — папайя кейинги йилларда қашқадарёлик иссиқхоначиларнинг анъанавий экин турига айланмоқда. Иссиқхона шароитида яхши ҳосил ва даромад бераётган бу ўсимлик энди кўпчилик деҳқонларни қизиқтириб қўйди ва уни оммавий етиштиришга киришилмоқда.

Ғузор туманнинг Тугал қишлоғида истиқомат қилувчи Ўрол Турсуновнинг иссиқхонаси ҳозирги пайтда жуда чиройли тусга кирган. Мўъжаз боғга кирган кишининг қайтиб чиққиси келмайди. Папайя учун ажратилган қарийб 2 сотих боғда йигирма тупга яқин папайя дарахти гуллаб, ҳосилга кирган.

— Иссиқхона ҳарорати плюс 10 даражадан юқори бўлганида папайя тинмай гуллайверади, — дейди Ўрол Турсунов. — Ҳосилиям яхши бўлади. Фақат меҳнатидан қочмаслик керак. Иссиқ иқлимда ўсгани боис иссиқхона шароитига яхши мослашади. Аммо касалликка тез чалиниб, бирдан қуриб қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу боис бу ўсимликка ўта эътиборли бўлиш талаб этилади. Қовун дарахти деб юритиладиган бу ўсимликнинг доривор хусусияти кўп. Организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлашда, овқат ҳазм қилишни яхшилашда, ҳатто бепуштликда нафи катта. Яхши парвариш қилинса, бир тупидан 100-200 донагача мева беради.

Папайя пишганида пўсти олтин рангга киради, ичи эса зангори, мазаси ва ҳиди янги узилган қовунни эслатади. “Қовун дарахти” дейилиши ҳам шундан. Маълумотларга кўра папайянинг мингдан ортиқ нави бўлиб, қайси мамлакатда ўсишига қараб нафақат мевасининг кўриниши, балки мазаси ҳам фарқ қилар экан. Бироқ уларни бир хусусият бирлаштириб туради –саломатлик учун фойдалилик. Юз грамм папайяда 26-74 калориягача энергетик қувват мавжуд бўлади. Таркибида глюкоза, фруктоза, органик кислоталар, оқсил ва турли витаминлар сероб. Ўнинг ўсимлик ферменти — папайяни худди ошқозон ширасига ўхшайди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда томорқада барпо этилаётган иссиқхоналарда уста томорқачилар томонидан мандарин ва апельсин сингари цитрус дарахтлар, пальма дарахти, фикус гитара, ва алеандра гуллари ҳам етиштириляпти. Банан ва киви дарахтлари эса аллақачон уларнинг ижод маҳсулига айланмоқда.

Аҳад Муҳаммадиев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда папайя — “қовун дарахти” оммалашмоқда

Жамият янгиликлари