15:04 / 17.06.2020
2 178

Президент мактабларига ўқувчилар қабули келгуси ўқув йилида ўтказилади

Президент мактабларига ўқувчилар қабули келгуси ўқув йилида ўтказилади
Фото:ХТВ
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги мактабларга 2020/2021 ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилиш имтиҳонлари бўйича маълумот берилди.

Жорий йилда Президент мактабларига ўқувчилар қабули келгуси ўқув йилида ўтказилади. Бунга пандемия вазиятидан келиб чиқиб, карантин даврида ёш авлод соғлигини асраш, пандемия бутунлай бартараф этилмаган шароитда вояга етмаган ўқувчиларнинг катта сиғимли биноларда саралаш имтиҳонлари вақтида узоқ вақт қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмаслиги, шунингдек, Cambridge Assessment ташкилоти вакилларининг мамлакатга карантин даврида ташрифини белгиланган саналарда ташкил этиш имкони йўқлиги сабабдир.

Бухоро, Жиззах, Қарши, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида очиладиган Президент мактабларига (бешинчи синфдан ўнинчи синфгача) ҳамда жорий йилда очилиши режалаштирилган Сурхондарё вилоятидаги Рўзи Чориев ва Бухоро вилоятидаги Мухтор Ашрафий номидаги ижод мактабларига (еттинчи синфдан) ўқувчилар қабули келгуси йилда ўтказилади.

Тошкент, Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларида фаолият юритаётган Президент мактабларига 2020/2021 ўқув йилига ўқувчиларни бешинчи синфларга қабул қилиш имтиҳонлари 2021 йилга қолдирилиб, 2021/2022 ўқув йилида ўқувчилар бешинчи ва олтинчи синфларга қабул қилинади.

Ҳукумат қарорига биноан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ижод мактабларига қабул еттинчи синфдан амалга оширилади. Бугунги кунга келиб, мавжуд ижод мактабларидаги синфлар контингенти тўлиқлигини инобатга олган ҳолда, 2020/2021 ўқув йилида янги синфлар очилиши назарда тутилмаган.

Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар, яъни Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ҳамда Абу Али ибн Сино номларидаги ихтисослаштирилган мактабларга 2020/2021 ўқув йилига ўқувчиларни қабул қилиш масаласига оид маълумот тегишли ўрганишлардан сўнг маълум қилинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент мактабларига ўқувчилар қабули келгуси ўқув йилида ўтказилади