22:30 / 29.06.2020
3 972

Самарқандда икки бошли чақалоқ туғилди (фото)

Самарқандда икки бошли чақалоқ туғилди (фото)
Фото: Kun.uz
Бугун ижтимоий тармоқларда Самарқандда сиам эгизаклари туғилгани ҳақида хабар тарқалди. Kun.uz мухбирлари мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлишди.
Ушбу камёб ҳодиса – икки чақалоқнинг битта танада ривожланиши ва дунёга келиши юзасидан марказ бош врачи ўринбосари Дилшод Раҳмонов билан суҳбатлашдик.

«Бу ҳолат тиббиёт тили билан айтганда, сиам эгизаклари дейилади. Чақалоқ айни вақтда марказимизнинг реанимация бўлимида парваришланмоқда. Чақалоқ бир қатор текширувлардан ўтказилди. Айтиш мумкинки, чақалоқнинг ички органлари иккита танага тегишли, жинсий аъзоларигина биттадан ривожланган, шунингдек, бош қисми ҳам иккита.

Бу касаллик дунёда жуда кам кузатиладиган ҳолат. 200-220 минг ҳолатда бир марта кузатилади. Ҳаётда бундай болалар кўп йил умр кўргани, масалан, 30-50 ёшга кирган ҳолатлари ҳам учрайди. Лекин биздаги ҳолат бироз мураккаб, яъни, танаси тўлиқ битта бўлиб кетган. Шу сабабли биз мураккаб текширувларни ўтказишни режалаштириб турибмиз. Ҳозирги вақтда боланинг умумий аҳволи ёмон эмас, уни даволаш чораларини кўряпмиз. Овқатланиш, қон айланиш ҳолати яхши, ҳозирча фақат кислород танқислиги кузатиляпти. Келгусида чақалоқнинг яшаб кетиши учун барча чораларни кўрамиз, албатта
», деди Д.Раҳмонов.

Фото: Kun.uz
Шифокорларнинг айтишича, бола дунёга келишидан аввал икки марта – 16-21 ҳафталик даврида скрининг текшируви ўтказилган. Болаларнинг ривожланиши мутахассисларга маълум бўлган ва чақалоқнинг қўшалоқ туғилиши ҳақида ота-онасига хулоса берилган. Аммо ота-онасининг талаби билан чақалоқ туғруқ жараёнигача етиб келган. Туғруқдан олдин ҳам вазият аниқ бўлгани учун шифокорлар кесиш амалиётини қўллашгани айтилди.

Айни вақтда она туғруқ бўлимида шифокорлар назоратига олинган.
«Бу ҳолатга бир қатор омиллар сабаб бўлиши мумкин. Масалан, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ, оналарнинг ёши ўтгандан кейинги туғруқ ҳолатларида бундай ҳолат кузатилади. Бундан ташқари, турли радиация нурлари ва экология бузилишида ҳам сиам эгизаклари дунёга келиши мумкин», дейди шифокор.

Марказ шифокорлари фаолияти давомида биринчи марта шундай ҳолатга дуч келишганини маълум қилишди. Шу сабабли нафақат мамлакатимиздаги малакали шифокорлар, балки тиббиёт ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ҳам фойдаланиш режалаштирилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда икки бошли чақалоқ туғилди (фото)

Жамият янгиликлари