13:20 / 10.07.2020
2 582

Қозоғистон билан чегарада тўпланиб турган 4 мингга яқин ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Қозоғистон билан чегарада тўпланиб турган 4 мингга яқин ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
Фото: Tengrinews.kz
Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон билан чегарадаги «Ғишт кўприк» чегара пости яқинида тўпланиб турган 4 мингга яқин ўзбекистонлик чегарадан ўтказилгани ҳақида хабар берди.

«Аввал хабар қилинганидек, шу йил 1 июлдан 7 июлгача бўлган муддатда «Жибек жоли» — «Ғишт-Кўприк» назорат-ўтказиш пункти орқали 2700 нафардан ортиқ ҳамюртларимиз Ўзбекистонга қайтган. Бироқ юзага келган техник муаммолар туфайли Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан юртдошларимизни ўтказиш чекланган миқдорда амалга оширилди. Оқибатда бу ҳолат чегарада 3000га яқин Ўзбекистон фуқаролари тўпланиб қолишига сабаб бўлди.

Республика махсус комиссияси, ДХХ Чегара қўшинлари ва Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналарининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 8 июль куни фуқароларимизнинг Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан эркин ўтишига тўсқинлик қилувчи барча техник ва ташкилий масалалар тезкорлик билан ҳал қилинди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби маълумотларига кўра, 2020 йил 8 июль куни кечқурун ва 9 июль куни «Жибек жоли» – «Ғишт-Кўприк» назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар фуқароларимиз ўтказилди.

Ҳозирги пайтда давлатлараро чегарани кесиб ўтишда муаммолар йўқ, назорат-ўтказиш пунктлари одатдагидек ишламоқда, фуқароларнинг тўпланиб қолиши кузатилмаяпти
», дейилади вазирлик маълумотида.

Эндиликда Ўзбекистонга қайтиб келган фуқаролар Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги оператив штаби Қозоғистон билан чегара ҳудудида 3000 нафардан зиёд ўзбекистонлик тўпланганини расман тасдиқлаганди.

Бундан ташқари, 7 июлда Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтиш учун Самарада яна 1,2 минг ўзбекистонлик тўплангани, кейинчалик Ўзбекистонга қайтиш учун Россия—Қозоғистон чегарасида 2000дан ортиқ фуқаро тўплангани ҳақида хабар берилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль кунги видеоселекторда коронавирус пандемияси ва кучайтирилаётган карантин масаласида халққа мурожаат қилиб, «чет элда қолган фуқаролар албатта олиб келиниши»ни айтиб ўтганди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қозоғистон билан чегарада тўпланиб турган 4 мингга яқин ўзбекистонлик ватанга қайтарилди