12:39 / 11.07.2020
4 531

Уч пора Қуръон ёдлаган мелиса

Уч пора Қуръон ёдлаган мелиса
Айни ёз ойларида Жўшқинбой ўз ижодий жамоаси билан гўзал пойтахтимизнинг гавжум метро бекати атрофида кўрсатув тасвирга олиб юрганди.

Бу ижодий жамоа негадир мелиса ходимларининг эътиборини дарров тортади. Улар ҳам дарров келиб ҳужжатларни сўрашади. Улар буни ҳаммасининг юзларига бир тутам жундан деб "ёмон гумон" қилишади. Бир бирларини ёмон гумон қилишдан эҳтиёт қилиб, ҳужжат сўраш уларнинг вазифаси деб, ўзларига ўзлари далда беришади.

Жўшқин ҳам, ижодий жамоа ҳам бунақа ҳолатларга кўникиб қолишган. Мелиса ходимлари билан бажонидил мулоқот қилишиб, уларга кўрсатувни, унинг мақсадини эринмасдан тушунтиришдан чарчамайдилар. Гоҳида бир кўрсатувни олишда жонажон мелиса ходимлари такрор-такрор келиб, уларнинг ҳужжатларини текшириб кўришади.

Хуллас, ўша гавжум метро бекатида ҳар доимги ҳолат яна такрорланди. Мелиса келиб ҳужжатларни, бу канал ўзи нима иш билан шуғуллашини суриштириб кетди. Жўшқин ҳам мулойимлик билан ҳаммасини тушунтирди. Мелиса кейин тасвирга олинаётган кўрсатув ҳақида сўраб қолди. Жўшқинбой: - Бу кўрсатувда 4 та савол берамиз, ҳаммасига жавоб берсангиз совға берамиз деди.

- Қанақа саволлар берилади, - деб сўради мелиса баттар қизиқиб.
- Шу оддий, диний-маърифий саволлар, - деб жавоб берди Жўшқинбой. Мелиса аниқ қанақа саволлар деди.

- Ислом тарихига оид саволлар, - деди Жўшқинбой.
Мелиса бироз муддат ўйланиб қолди. Кейин: “Мен ҳам қатнашсам бўладими?” деди.

- Эээ нега бўлмас экан, албатта бўлади,- деди Жўшқинбой хурсанд бўлиб.
Мелиса яна ўйланиб қолди.

- Ўзи айнан қанақа савол берасизлар, - деди. Жўшқин саволлардан бир иккитасини айтди. Мелиса мен буларни жавобини биламан деди. Жўшқинбойнинг ҳайрати ошиб бораётган эди. «Ака, унда келинг, қатнашинг», деди.

Мелиса бироз ўйга ботиб, формасини кўрсатиб, иш вақти, кейин мана бу форма деб, кийимга ишора қилди.
Жўшқин: “Ўйнайверинг, ҳечқиси йўқ, агар форма халақит бераётган бўлса, ечиб чиқинг, биз кутиб турамиз...” деди ҳайрати ошиб.

Мелиса: - Саволларга жавобларни биламану, лекин хизматдаман, - деди афсус билан.
- Қатнашсангиз зўр бўларди, - деди Жўшқин ҳафсаласи пир бўлиб.

- Ўзи қатнашгим жуда келяпти. Мен Қуръондан ҳам уч пора ёд олганман, - деди мелиса қатнаша олмаётганидан надомат қилиб.
Вақт тиғиз, кўрсатув олиниши керак, Жўшқин яна айтиб кўрди, мелиса кўнмади, формаси хоҳишидан устунлик қилди шекилли.

Жўшқин мелисадан узоқлашиб, ижодий жамоа томон юрди ва дарров таассуротларини ижодий жамоага етказди. Улар ҳам Жўшқин каби лол бўлиб қолишди. «Йўғе, бўлиши мумкинмас, агар шунақа бўлса, қандай гўзал экан», деган гаплар бўлди. Мелиса улар узоқлашиб кетаётганда ҳам кўзини узмасдан қараб турарди.

Жўшқин у томонга қараб: "Биродар, қатнашсангиз зўр бўларди-да" деб қўйди ичида.
«Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир» («Бақара» сураси, 20-оят).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатувчиларингиздир”. Имом Бухорий ривояти.

Ёрқин Халил

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уч пора Қуръон ёдлаган мелиса