19:24 / 17.07.2020
1 895

Адлия вазири ТДЮУ битирувчиларини табриклади

Адлия вазири ТДЮУ битирувчиларини табриклади
Бугун Тошкент давлат юридик университетида ўқитишнинг янги замонавий модул тизими асосида таълим олган ўзининг юксак иқтидори, салоҳияти ва изланувчанлиги натижасида университетни муввафақиятли тамомлаётган битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросим Zoom видеодастури орқали битирувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида ўтказилди. Мазкур ўқув йилида ушбу олий таълим муассасасини 481 нафар бакалавр ҳамда 124 нафар магистратура босқичи талабалари тамомлашди.

“Қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш фаолиятингизнинг бош мезони бўлсин: оқ йўл, Азиз битирувчилар!” мавзуида ўтказилган маърифий тадбирда Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирок этди. Шунингдек, унда Олий суд раиси Козимжон Комилов, Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова, Фан арбоби, университет Фахрийлар кенгаши раиси Ҳалим Бобоев, Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Хакимов ва битирувчиларнинг ота-оналари, ёшлар қатнашди.

Адлия вазири юридик кадрларни тайёрлаш борасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Бугунги ҳуқуқшунос кадрларга қўйиладиган талаблар, хусусан, улар қандай мезонларга жавоб бериши кераклиги борасида ўз мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, вазир битирувчиларга оқ йўл тилаб: “Келгусида Сизларнинг орангиздан давлат ва сиёсат арбоблари, халқаро даражада фаолият юритишга қодир етук ҳуқуқшунослар, олимлар етишиб чиқади. Айнан Сизлар бўлғуси вазирлар, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, нотариуслар, яхши ФҲДЁ ходималари, борингки, профессионал ҳуқуқшунос мутахассислар сифатида бугун ҳаёт майдонига чиқяпсиз.

Ҳамиша ўз фаолиятингизда қонунийлик ва адолатга қатъий амал қилиб, инсон ва унинг шаъни ҳамда қадр-қиммати олий қадрият эканлигини доимо ҳис қилган ҳолда халқимиз манфаатларини ҳимоя қиласиз. Яна бир бора таъкидласамда ҳалоллик, поклик ва холислик шиорингизга айлансин.

Азиз ёшлар, қадрли битирувчилар, бўлажак ҳамкасблар!

Ҳуқуқшунослик соҳасига мутахассис сифатида илк қадам қўяётган бугунги кун ҳар бирингизга муборак бўлсин! Адолат, ҳақиқат учун хизмат қилиш эътиқодингизга, қатъий шиорингизга айланишига, жамиятимизда муҳим ўринга эга бўлган ҳуқуқшунослик соҳасини ривожлантиришга астойдил ҳаракат қилишингизга ишонаман. Чунки бу даргоҳда Сизни камолга етказган устозлар ўгити ва билимлари доимо сизга ҳамроҳ бўлиб, Сиздаги шижоат ва ғайрат бу марраларни забт этишга, албатта, қодир. Энг адолатли ҳуқуқшунос, деган шарафли номга доимо муносиб бўлишингизга тилакдошман!”, дея ўз табригини йўллади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазири ТДЮУ битирувчиларини табриклади