18:39 / 19.07.2020
1 200

Бош прокуратура: ҳозирги пайтда ишнинг «сеники-меники»си борми?

Бош прокуратура: ҳозирги пайтда ишнинг «сеники-меники»си борми?
Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати
Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган хабарларга кўра, бугун маҳкама раҳбари Ниғматилла Йўлдошев (Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев ҳамроҳлигида) пойтахт айланибди. Бундан мақсад сайр-у саёҳат эмас, албатта. Кейинги бир неча кунда бош кентнинг бир неча нуқтасида Covid-19 билан касалланган беморларни қабул қилишга мўлжаллаган махсус жойлар ташкил этилди. Бош прокурор ўша масканларда бўлиб, яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирибди.

Жумладан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ётоқхонасида (Учтепа тумани), Чилонзор туманидаги «CARDIO STAR PLUS» МЧЖда (бу жойда 50 нафар беморлар учун заҳира ўринлар ташкил этилган) бўлиб, беморлар учун қандай шароитлар яратилгани, зарур ускуна ва дори-дармон таъминоти масалалари билан қаттиқ қизиққани таъкид этилади хабарда.

Юнусободдаги «Ўзэкспомарказ»га боришида шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжавев ҳам ҳозир бўлибди. Тушунарли.

Албатта, фавқулодда кўрилган бундай чоралар мамлакатимизда, айниқса, Тошкентда пандемия билан боғлиқ аҳвол ҳавасга қилгулик эмаслигидан далолат беради (бежизга мамлакат раҳбари пойтахтдаги вазиятни «шармандалик!» деб баҳоламади, ахир?!). Вазиятни барқарорлаштириш учун қаттиқ ҳаракатга тушилгани яхши, албатта. Бу борада бор имконият ишга солинаётганига ҳам бор гап. Шунга қарамай кўнгилда савол туғилдики, ваколат доирасига кўпам кирмайдиган бундай юмушларга прокуратура органлари жалб этилаётгани ҳозирги оғир пайтда уларнинг қувватидан самарали фойдаланишми ёки айрим масъулларни хушёрликда ушлаб туришми?

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати
Айни саволлар жавоби Бош прокурорнинг пойтахт айланганига оид хабарларга шарҳ-изоҳ бўлиши эътиборидан маҳкама матбуот хизмати билан боғландик. Саволни эшитган Бош прокуратура матбуот хизмати масъули аввалига хушёр тортди. Сўнг «хаёлга келмаган гапларни топасизлар-а», деган мазмунда писанда қиларкан, тизимда қонунийлик таъминлаши масаласида шубҳа йўқлиги айтди, кейин қўшимча қилдики, ҳозирги пайтда ишларнинг «сеники-меники»си борми, умумманфаатга хизмат қиладиган масалаларга ҳамма бирдек масъул-ку?!

Яхши жавоб бўлди, гап йўқ.

Манба: Xabar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)