14:14 / 20.07.2020
1 248

Тошкентда ўзини президент администрациясида ишлашини айтиб, фирибгарлик билан шуғулланган шахс ушланди

Тошкентда ўзини президент администрациясида ишлашини айтиб, фирибгарлик билан шуғулланган шахс ушланди
Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳридаги хусусий клиникалардан бирининг раҳбарига номаълум кимса қўнғироқ қилиб, ўзини Президент Администрациясида юқори лавозимда ишловчи шахс сифатида таништирган ва унинг қабулига бир она-болани юбораётганлигини, зудлик билан тиббий муолажа кўрсатиши кераклигини тайинлаган.

Клиника раҳбари унинг расмий оҳангдаги муомаласидан ҳеч бир шубҳага бормасдан, қабулига келган аёлнинг боласини текширувлардан ўтказади. Натижада боланинг бурнидаги ўсимтани жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш зарурлиги аён бўлади. Гарчи бундай операция ўзининг шифохонасида амалга оширилмаса-да, у 7,5 млн. сўм сарфлаб, бошқа клиникада бу топшириқни бажаради.

Орадан бир оз муддат ўтиб, юқоридаги шахс клиника раҳбарига яна қўнғироқ қилади ва кўрсатган хизмати учун миннатдорлик билдириб, энди унга яхшилик қилмоқчи эканлигини айтади.

Яъни, Тошкент шаҳридаги кўпқаватли уйларда эгасиз, деб топилган 11 та хонадон борлигини, уларнинг ҳар бирини 10 минг АҚШ долларидан жами 110 минг АҚШ долларига олиб беришини билдиради.

Унинг гапларига ишонган клиника раҳбари арзон нархда таклиф қилинган уйларни олишга рози бўлади ва фирибгар юборган одамга 10 минг АҚШ долларини дастлабки тўлов сифатида беради.

Жорий йилнинг июль ойига келиб эса, у яна қўнғироқ қилади ва гўёки шаҳар ҳокимининг 11 та хонадонга эгалик ҳуқуқини берувчи қарори чиққанлигини ва бунинг учун дастлаб 50 минг АҚШ доллари беришини, қолган қисмини эса иш тўлиқ ҳал бўлганидан кейин бериши кераклигини айтади.

ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фирибгарнинг номидан келган унинг турмуш ўртоғи ва ҳамтовоғи хусусий клиника раҳбаридан 50 минг АҚШ долларини олаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сўнгра Тошкент шаҳридаги вақтинчалик яшаш манзилида фирибгарнинг ўзи – 1983 йилда туғилган Х.Б. ҳам қўлга олинди.

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида истиқомат қилувчи, ҳеч қаерда ишламайдиган ушбу шахснинг бу хатти-ҳаракати биринчиси эмас. Аниқланишича, у аввал Жанубий Корея давлатига ишлаш учун юбораман, республикамиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга киритиб қўяман, дея фуқароларни алдаб келган ва Жиноят кодексининг 168–моддаси, яъни фирибгарлик билан айбланиб, тўрт маротаба судланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ундан жабр кўрган бошқа фуқароларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)