15:39 / 20.07.2020
4 541

«Индамай олиб бориб, кўмиб келиш бошландими?». Сирдарёдаги шубҳали дафн маросими видеосига аниқлик киритилди

«Индамай олиб бориб, кўмиб келиш бошландими?». Сирдарёдаги шубҳали дафн маросими видеосига аниқлик киритилди
Ижтимоий тармоқларда шубҳали дафн маросими уюштирилгани тасвирланган видео тарқалди. Унда марҳум махсус ҳимоя кийимидаги одамлар томонидан кўмилаётгани акс этган бўлиб, воқеа Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 18 ёки 19 июль куни олингани айтилган.

Мазкур видеодаги ҳолат юзасидан Мирзаобод тумани ҳокимлиги муносабат билдирди. Қайд этилишича, дафн этилган шахс Мирзаобод туманида истиқомат қилган Э.Ў. исмли фуқаро бўлиб, 13 июль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам Сирдарё вилоят филиалига номаълум иситма ташхиси билан тушган. 14 июль куни кечаси юрак ишемик касаллиги гипертония касаллиги хуружи оқибатида вафот этган.

Сирдарё вилояти юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, вилоят СЭОМ эпидемиологлари ва бошқа тааллуқли мутахассислар тавсиясига кўра, лабаротория текширувлари мавжуд бўлмаса-да, коронавирус инфекцияси билан касалланган деган тахминий ташхис қўйилган.

Туман аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва кўпайишининг олдини олиш мақсадида вилоят мутахассислари тавсиясига кўра, вафот этган фуқаро Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 март куни тасдиқланган «Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича вақтинчалик қоидалар тўғрисида»ги буйруғи асосида дафн қилиш ишлари амалга оширилди.

Майитни дафнга тайёрлаш ва дезинфекция ишларини ўтказиш мусулмончилик қоидалари асосида Шошилинч тиббий ёрдам марказида амалга оширилган.

«Дафн маросимида иштирок этган марҳумнинг 10 нафар қариндоши, СЭОМ мутахассислари, маҳалла раиси ва ҳуқуқ тартибот органи вакиллари хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳимоя воситалари билан таъминланди. Дафн маросими диний идора вакиллари иштирокида мусулмончилик қонун-қоидалари асосида 2020 йил 15 июль куни ўтказилган», — дейилади муносабатда.

Қайд этиш жоизки, 17 июлдан бери ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Унгача эса 7 июлдан сўнг 10 кун давомида биронтаям янги ҳолат ҳақида хабар берилмаганди. Аммо бу оралиқда Сирдарёда коронавирус қайд этилган. Бу ССВнинг Сирдарёда 69 ёшли эркак вафот этгани ҳақидаги хабаридан ойдинлашди. Вафот этган шахс гулистонлик бўлиб, унда 11 июль куни коронавирус аниқланган. Фуқаро коронавирусга чалингани ва вафот этгани ҳақида вазирлик хабарида қайд этилмаган.

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков 14 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда аҳолидан келиб тушган саволларда сўнгги вақтларда ўлим ва касалланганлар бўйича реал рақамлар хусусида ишончсизлик келтириб чиқараётган ҳолатлар ҳақида изоҳ бериб ўтиб, Ўзбекистонда статистик маълумотларни пасайтириб кўрсатишдан ҳеч ким манфаатдор эмаслигини айтганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Индамай олиб бориб, кўмиб келиш бошландими?». Сирдарёдаги шубҳали дафн маросими видеосига аниқлик киритилди