09:06 / 22.07.2020
1 562

Андижонда маст мижоз насияга спиртли ичимлик берилмаслигини айтган миллий таомлар ошхонаси иш юритувчисини пичоқлади (видео)

Андижонда маст мижоз насияга спиртли ичимлик берилмаслигини айтган миллий таомлар ошхонаси иш юритувчисини пичоқлади (видео)
Андижон шаҳрида жойлашган «Бекзодбек» миллий таомлар ошхонаси иш юритувчиси насияга спиртли ичимлик сотилмаслигини айтгани учун маст ҳолдаги мижоз томонидан пичоқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Хабар берилишича, 2020 йилнинг 21 июль куни соат 15:55 да Андижон шаҳрида жойлашган «Бекзодбек» миллий таомлари ошхонаси ертўласидаги спиртли ичимликлар дўконига 1967 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан судланган мавсумий ишчи Тоҳир Саидов маст ҳолатда кирган.

Ошхона иш юритувчиси 1998 йилда туғилган Шоҳжаҳон Раҳимов мижозга насияга спиртли ичимлик сотилмаслигини айтган. Мижознинг бундан жаҳли чиқиб, иш юритувчи билан жанжаллашган ва ёнида бўлган пичоқ билан унинг чап кўкрак қисмига бир марта уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Шундан сўнг воқеа жойида бўлган фуқаролар томонидан иш юритувчи Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига олиб келинган ва ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли Шоҳжаҳон Раҳимовнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи С.Парпиев томонидан фуқаро Тоҳир Саидовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «э» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва фуқаро процессуал тартибида ушланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)