12:05 / 27.07.2020
1 315

COVID-19’га чалинганда дастлабки кунлардан антибиотик ёки гормон ичиш пневмония ривожланиши эҳтимолини оширадими?

COVID-19’га чалинганда дастлабки кунлардан антибиотик ёки гормон ичиш пневмония ривожланиши эҳтимолини оширадими?
«Тез ёрдам» лойиҳасининг 25 июлда эфирга берилган сонида Вирусология институти илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Раъно Қосимова коронавирусга чалиниб касалликни енгил шаклда ўтказаётган беморлар ва уларни даволаётган шифокорларга айрим тавсияларни берди.

Раъно Қосимованинг қайд этишича, 70-80 фоиз беморда касаллик енгил ва ўрта оғир даражада ўтади. Енгил тарзда касалликни бошидан кечираётган беморларга дори бериш шарт эмас. Организм бу вазиятда вирус инфекциясига қарши мустақил тарзда курашиб, касалликнинг 4—5-кунида тана ҳарорати тушиб, беморнинг аҳволи яхшилана бошлайди.

«Лекин ҳозир аҳоли ваҳима исканжасида қолмоқда. Иситма кўтарилиб кетганда, ўзини ёмон ҳис қилганда ёки бирор яқинини йўқотиб қўйганда хавотир кучайиб кетмоқда.

Шу ҳолатда беморлар бошқаларнинг дори воситаларини қабул қилмоқда. Бу эса уларнинг ҳолати ёмонлашишига сабаб бўлади. Охирги ҳафтада 20-25 нафар беморни кўрдим. Улар касалликнинг биринчи кунларидан томчи дорилар, «Дексаметазон»,«Натрий хлор» каби дориларни қабул қилган
», – дейди Раъно Қосимова.

Шифокорнинг сўзларига кўра, бунда нормал ҳолатда кетаётган жараён беморларнинг шошма-шошарлиги, ваҳимаси оқибатида издан чиқади. Шунингдек, тиббиёт фанлари номзоди тажриба ҳам вақтида сув ичиб, тўғри овқатланган, етарли миқдорда витаминлар истеъмол қилган беморларнинг 70-80 фоизида коронавирус пневмония шаклига кўчмасдан енгил шаклда ўтаётганини қайд этган.

Вирусология институти илмий ходимининг айтишича, касалликнинг биринчи кунидан дори қабул қилган беморларда 7-8-куни ўпка шикастланиши ва қоннинг кислород билан таъминланиши пасайиб, уларни жонлантириш бўлимига ётқизиш ҳолатлари учраб турибди.

«Антибиотик қабул қилиши натижасида диарея ва кўнгил айниши каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун шифокорлардан ҳам беморларга дори ёки гормон беришдан олдин беморнинг ҳолатини яхшилаб ўрганиши ва агар зарур бўлса, керакли препаратларни тавсия қилиши мумкин, лекин касалликнинг биринчи кунидан эмас.

Агар касаллиги енгил ўтадиган 70-80 фоиз беморга биринчи кунданоқ стационар шароитда ишлатиладиган дориларни қўлласак, уларнинг ярми стационар шароитига кўчирилишига тўғри келиши мумкин
», – дея фикр билдирган «Тез ёрдам» кўрсатувининг эксперти.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)