09:00 / 28.07.2020
3 831

Коронавирус қанчалик хавфли? Профессор жавоби

Коронавирус қанчалик хавфли? Профессор жавоби
Коронавируснинг асосий хавфи нимада?
– COVID-19 ўта контагиозлиги билан хавфли. У тез тарқалади ва агрессив. Вирус ўпка-нафас тизимини зарарлайди ва ўткир респиратор дистресс синдромини ривожлантирувчи пневмонияни чақиради. Бу эса ўз навбатида ўткир нафас етишмовчилигининг оғир турига олиб келади ва кўп ҳолларда ўлим билан якун топади.

Вирус буюмлар сатҳида қанча вақт сақланиб туради?
– Буюмлар сатҳида вирус 3 соатдан 8 соатгача сақланади. Буюмларни ушлагандан сўнг қўлларни ювиш керак. Бу масалада гигиена жуда муҳим.

Коллектив иммунитет борасидаги фикрлар қанчалик тўғри? Кўпчилик касалликка чалинса вирус қайталанмаслиги тўғрими?

– Ҳозир бу ҳақда гапириш ноўрин. Асосий мақсадимиз касалланганлар сони катталашиб кетишига йўл қўймаслик. Коллектив иммунитет фуқароларнинг катта қисми касалланиб тузалгач ҳосил бўлади. Бизда бундай ҳол юзага келмайди деб умид қиламиз.

Ўзбекистонда касалликнинг чўққиси ўтиб бўлди, дейиш мумкинми? Ёки ҳали ҳам чўққига чиқмадими?
– Бизда коронавируснинг чўққиси ҳозир кузатиляпти. Сўнгги пайтларда касалланганлар сони интенсив равишда кўпайиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, чўққидан ҳали ўтиб бўлмадик.

Кўплаб хорижий ОАВлар коронавирусдан тузалган одамлар келажакда соғлиқ билан боғлиқ турли муаммоларга дуч келишлари ҳақида ёзишяпти. Шу тўғрими?
– Саломатлик билан боғлиқ муаммолар инфекцияга чалингунга қадар ҳам кўплаб касалликлари бўлган одамларда кузатилади. Бу зарарли одатлар, яшаш шароити ва бошқа кўплаб омиларга боғлиқ. Шифокорларнинг тавсияларига қулоқ солган кишиларда муаммолар бўлиши керак эмас. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ, соғликни доим асраш керак.

Нима учун Ўзбекистонда аҳвол бирданига ёмонлашди?
– Бунинг кўп сабаблари бўлиши мумкин. Балки карантинни юмшатиш керак бўлмагандир. Лекин энг муҳими фуқароларнинг вазият жиддий эканлигини тушунишларидир. Агар барча тавсияларга риоя қилсак, ўзимизни ва яқинларимизни касалликдан ҳимоя қилишимиз мумкин.

Вакцина инсониятни коронавирусдан қутқара оладими? Нима деб ўйлайсиз, у қанчалик тез яратилади?
– Вакцина шубҳасиз вазиятни яхшилайди. Аммо уни бу йил кутиш керак эмас. У катта эҳтимол билан кейинги йилда тайёр бўлиши мумкин.

Вирусга қарши профилактик дори воситалари борми ва улар қанчалик самарали?
– Профилактиканинг махсус терапияси йўқ. Энг муҳими иммунитет кучли бўлиши лозим. Биз доим саломатлигимиз ҳақида қайғуришимиз керак. Фақат шу йўл билан вирусни ютиб чиқамиз. Агар одамда вирус юқтиргунга қадар соғлиғи билан боғлиқ муаммолар бўлган бўлса, уни енгиб ўтиш қийин бўлади.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус қанчалик хавфли? Профессор жавоби