05:35 / 31.07.2020
2 763

Ўзбекистонда автомобиллар ҳаракатига 72 соатлик чеклов амал қила бошлади

Ўзбекистонда автомобиллар ҳаракатига 72 соатлик чеклов амал қила бошлади
31 июль – Қурбон ҳайити байрамида, шунингдек 1-2 август – шанба-якшанба кунлари бутун республика бўйлаб автотранспорт воситалари ҳаракати кучайтирилган тартибда чекланади.

26 июль куни Республика махсус комиссияси қатъий карантинни яна икки ҳафтага узайтириш бўйича қарор қабул қилган эди. Унга асосан, кўплаб муассасалар 15 августгача ёпиқ қолади, дам олиш кунлари транспортлар ҳаракатига бутун сутка давомида кенг миқёсда чеклов қўйилади.

Шанба ва якшанба кунларидан ташқари, 31 июль – Қурбон ҳайитининг биринчи куни ҳам республика бўйича транспортлар ҳаракати тақиқланиши белгиланган.

Махсус комиссия Ҳайит байрамини уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли ҳамда халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишни тавсия этган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Уламолар кенгашининг фатвосига кўра, Қурбон ҳайитини масжидларда адо этиш мўмин-мусулмонлар зиммасидан соқит бўлади. Ўзбекистонликлар бунинг ўрнига тўрт ракат Зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқишлари мустаҳаб бўлади.

«Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз», – дейилган Мусулмонлар идораси баёнотида.

Қурбонлик гўштини тарқатиш учун машинада ҳаракатланиш мумкинми? ИИВ ахборотига кўра, қурбонлик гўштини тарқатиш ниятидаги фуқаролар савобли эҳсонини карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, маҳалла раиси ва фаоллари ҳамкорлигида ўзлари яшаётган маҳалла ҳудудида амалга ошириши мақсадга мувофиқ.

Чунки Махсус комиссия қарори билан, 31 июль – жума ва 1-2, 8-9 август (шанба-якшанба) кунлари фақат махсус рухсатномага эга ва стикер олиши шарт бўлмаган автомобиллар (рўйхат) ҳаракатланиши мумкин.

Бундан ташқари, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, тест ва қон топшириш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон соғлиғига ва ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар талаб этилмаслиги белгиланган.

Мутасаддиларга юқоридаги ҳолатларда фуқароларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик, зарур ҳолларда фуқароларни манзилига етказишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан кўрсатма берилган.

Тотал карантин кунларида аҳолига «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш; давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш тавсия этилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда автомобиллар ҳаракатига 72 соатлик чеклов амал қила бошлади