07:29 / 31.07.2020
2 672

Лоақал шу сафар уялинг!

Лоақал шу сафар уялинг!
Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони кўпчиликни умидлантиргани рост.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилага республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши айни муддао бўлди. Карантин даврида ойлаб ишсиз ўтирганлар, касалланганлар учун бу ёрдам ҳарна-да.

Аслида қанчадан-қанча моддий ёрдам ажратилмоқда. Лекин ижтимоий тармоқлар орқали биламизки, ён атрофимизда қийналаётган, ёрдамга муҳтожлар жуда кўп. Сабаби, ажратилаётган моддий кўмак эгаларига етиб бормаяпти. Талон-торож бўляпти. Ҳар сафар ҳали у маҳалла раиси қанчадир пулни ўзлаштирган, ҳали бу ҳокимият вакили маҳалла билан тил бириктириб пулларни жиғилдонига урган ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот ходимлари ахборот тайёрлаган…

Фармонга кўра, бир марталик моддий ёрдамнинг ўз вақтида ва мақсадли етказилиши, амалга оширилиши устидан назорат ўрнатувчи ва масъул идоралар ҳамда шахслар белгилаб берилибди. Энди савол туғилади, бу сафар ҳам талон-торож қилинса, назорат қилмаганлар ҳам жавобгарликка тортиладими? Ҳар сафар моддий ёрдам ажратилгач ўғриликлар бўлди, жиноий жавобгарликка тортилди деган хабарларни ўқиймиз. Ўзлаштиргичлар қорнини қаппайтириб олгач, жиноий жавобгарликка тортилишидан маъно борми?

Талон-торож қилишгунгача бўлган вазиятни назорат қилишнинг имкони йўқми? Ҳар сафар шу халқ насибасига кўз олайтирганларга, яъни қўзичоқ бўрига ишониб топшириб қўйилаверадими? «Туя» қилингани аниқ бўлгач, қайсидир масъул жиноий жавобгарликка тортилди ҳам дейлик, ёрдам кутиб ўтирган ва қуруқ қолган кўмакка муҳтож оилаларга фойдаси борми бунинг? Илтимос, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, бошқа ечим топинглар! Биламизку маҳалладагилар ўзининг таниш-билишига ошириб юборишини. Буни биз Сардобадаги ҳолатларда ҳам кузатдик. Ҳақиқий қийналганлар қолиб, ўзига тўқ оилалар от чоптириб қолгани, таниш-билишчилик бўлганининг гувоҳи бўлдикку.

Шу маҳаллада ишлайдиганларнинг ўзига тўқ таниш-билишлари — бу сафар сизлар ҳам сал уялинг. Сизга маҳаллада ишлаётган ваколати бўлган танишингиз ёрдам таклиф қилса, бетни қаттиқ қилиб ҳазм этмасдан, «йўқ, бу сафар ҳақиқий муҳтожларга беринг, УЯТ бўлади», деб айта олинг!

Кимгадир ҳозир мана шу пул — дори-дармон учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб тургандир, кимдир мана шу пулни олиб, тузукроқ овқат еб иммунитетини кўтариб олар...

Бизга «талон-торож бўлди, жавобгарликка тортилди» деган хабарлар эмас, ажратилган кўмак пуллари тийин-тийинигача ҳар бир муҳтож оилага етказиб берилгани ҳақида ҲАҚИҚИЙ ИСБОТ керак.

Манба: Xabar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)