08:39 / 04.08.2020
2 319

Фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларига қанча миқдорда пул мукофоти берилади?

Фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларига қанча миқдорда пул мукофоти берилади?
Фото: «Ма’rifat.uz»
Халқ таълими вазирлиги томонидан халқаро ва республика даражасидаги фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари миқдори маълум қилинди.

Қайд этилишича, халқаро фан олимпиадаларининг совриндорлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 500 бараваригача, уларнинг ўқитувчилари эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 450 бараваригача бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Бундан ташқари, халқаро фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорлари навбатдаги ўқув йили давомида директор жамғармасидан қўшимча устама олади.

Таъкидланишича, 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ фан олимпиадалари ғолибларини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилган бўлиб, унга кўра Халқаро математика олимпиадаси (IМО), Халқаро физика олимпиадаси (IPhО), Халқаро кимё олимпиадаси (IChО), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IОI)да ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдори (айни пайтда 223 минг сўм) нинг 500 баравар (111,5 миллион сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (100,35 миллион сўм);
2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравар (66,9 миллион сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (55,75 миллион сўм);
3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравар (44,6 миллион сўм), ўқитувчисига –150 бараварида (33,45 миллион сўм).
Бундан ташқари, халқаро фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорлари навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан 1-ўрин (олтин медаль) учун – 200 фоиз, 2-ўрин (кумуш медаль) учун – 175 фоиз, 3-ўрин (бронза медаль) учун – 150 фоиз миқдорида қўшимча устама олади.

Қайд этилишича, юқорида келтириб ўтилган халқаро олимпиадаларда медаль билан тақдирланган ўқувчилар олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз имтиёзли равишда қабул қилинади.

Шунингдек, фан олимпиадаларининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларни тайёрлаган ўқитувчилар қай тарзда рағбатлантирилишини маълум қилди. Унга кўра, ўқувчи ва ўқитувчилар қуйидагича миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин (олтин медаль) учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида (11,15 миллион сўм);
2-ўрин (кумуш медаль) учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 бараварида (7,8 миллион сўм);
3-ўрин (бронза медаль) учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараварида (6,69 миллион сўм).
Маълум бўлишича, фан олимпиадаларининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади.

Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига 150 фоиз, фан олимпиадаларининг республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади.

Олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.

Бундан ташқари, юқорида таъкидланган қарорга мувофиқ математика, физика, кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан ҳар йили бир марта ўтказиладиган қўшимча республика олимпиадаси жорий этилган бўлиб, унинг ғолибларига қуйидагича бир марталик пул мукофотлари белгиланган:

1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 (22,3 миллион сўм), ўқитувчисига – 80 баравар (17,8 миллион сўм);
2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 85 (18,9 миллион сўм), ўқитувчисига – 65 баравар (14,49 миллион сўм);
3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 (15,6 миллион сўм), ўқитувчисига – 50 бараварида (11,15 миллион сўм)
Вазирликнинг қайд этишича, 2019 йил 3 майдаги Президент қарори билан вазирликда Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилган бўлиб, у республика ва халқаро миқёсда ташкил қилинадиган олимпиадаларни мувофиқлаштиради, онлайн олимпиадалар ташкил қилади ҳамда мунтазам равишда иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантиради ва уларнинг мониторингини юритади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларига қанча миқдорда пул мукофоти берилади?