10:42 / 05.08.2020
2 472

Бир дорига шунча қўриқчи ёки «Плаквенил» баҳслари қачон тугайди?

Бир дорига шунча қўриқчи ёки «Плаквенил» баҳслари қачон тугайди?
Фото: Getty Images
«Плаквенил» дори воситаси атрофидаги баҳслар авж паллага кирди. Дастлаб касалликка чалинганларга берилиши белгиланган бу дори кейинчалик рўйхатдан чиқариб ташланди, аммо кўп ўтмай қайтариб киритилди. Дунё бўйича етакчи тадқиқотчиларнинг фикрлари ҳам, бу дорининг энг муҳим тана аъзолари – юрак ва кўзга қатор ножўя таъсирлари ҳам ҳисобга олинмади.

Айниқса коронавирусга қарши кураш бўйича вазиятга боғлиқ сўнгги матбуот анжуманида республиканинг етакчи олимлари, баланд мартабали ва амалли шифокорлар, профессорлар ёппасига бу дорини ёқлаб чиққанлари жуда ажойиб чиқди.

Жаҳон олимлари бу борада бир фикрга кела олмай, тадқиқотларни давом эттираётган бир пайтда, бизнинг амалдор шифокорлар якдил хулосага келиб бўлишганини, энди ортга йўл йўқлигини яхшилаб англатиб қўйишди.

3 август куни АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжумани
Бу дори қўлланишига қарши чиққанлар Ўзбекистонда ҳам бор эди. Аммо уларнинг овози пасайтирилди, ўзлари эса ҳатто «бирорта беморнинг пульсини ушлаб кўрмаган, амалиётдан йироқ назариячилар» дея баҳоланди.

Аслида, маҳсулотни ҳамиша харидор танлайди. Бироқ маблағни жалб этиши бўйича ҳар қандай маҳсулот билан беллаша оладиган ва енгиб юборишга қодир дори воситаларининг йўриғи бошқачароқ. Жони оғриб турган, айниқса бугунги пандемия даврида, ваҳималар урчиб турган пайтда ҳар кўзга умид билан тикилаётган бемор учун шифокорнинг сўзи қонун даражасига чиқади. Агар даволовчи шифокор «Плаквенил»ни қабул қилишни буюрса, бемор шу пайтга қадар бу дори ҳақида минг хил гап эшитган бўлса ҳам, йўқ дея олмайди.

Сабаби – тиб ходимлари танқис бўлиб турган бир пайтда қатъий талабни рад этиш ақлга сиғмайди, бундай қилинган тақдирда ҳам шифокордан жавобгарлик соқит қилингандай бўлади. Яъни «айтганимни қилмадинг, соғайишингга кафолат бера олмайман...» деган писанда қилиниши эҳтимоли бор.

Булар ҳам майли, ўша тадбирнинг гултожи «Дори-дармон» акционерлик компанияси бошқарув раиси Умида Саидовна Солиҳбоеванинг микрофонни бот-бот олиб, «Плаквенил» дорисининг нақадар самарадорлигини исботлашга уриниши бўлди.

Умида Солиҳбоева
Ғалати-а? «Дори-дармон» компаниясининг бевосита раҳбари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, давлат хариди рўйхатига киритилган ва энг муҳими жаҳоннинг кўплаб давлатларида самарасиз деб топилган бир дорини бутун республика минбарида ҳимоя қилиб чиқса...

Умуман, бу борада бир тахминда жон бордек. «Плаквенил» бўйича кимларнингдир тавсияси(балки астойдил саъй-ҳаракатлари)га кўра катта миқдорда харид амалга оширилган. Энди бу дорини қайтариб бериб бўлмайди, сотай деса, харидор йўқ. Ягона йўл – ишлатиб юбориш, балки имкон бўлса, яна харид қилавериш...

Жаҳондаги шубҳалар жаҳонда қолаверади. Биз тиббиёти юксак ривожланган алоҳида мамлакатмиз ахир!

Аброр Зоҳидов

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бир дорига шунча қўриқчи ёки «Плаквенил» баҳслари қачон тугайди?