20:47 / 11.08.2020
1 270

Темир дафтар. Унга кириш осон, чиқиш қийинми?

Темир дафтар. Унга кириш осон, чиқиш қийинми?
Фото: Xabar.uz[sup][/sup]
«Темир дафтар»га кириш осон, чиқиш эса анча қийин. Бу ҳақда бизга Наманган вилоятига қилинган сафар давомида сўзлаб беришди. Умуман, дафтарга кириш-чиқиш тартибини тушунтиришдан олдин рўйхатдан кимлар киритилиши ҳақида озгина гаплашсак.

Дафтарга кирувчилар
«Темир дафтар»га эҳтиёжманд оилаларнинг 7 тоифаси киритилиши кўзда тутилган. Булар:
1. кам таъминланган;
2. ногиронлиги бўлган;
3. ижтимоий ҳимояга муҳтож;
4. якка-ёлғиз кексалар;
5. доимий ишсиз фуқаролар;
6. карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар;
7. оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқароларнинг оилалари.

Муҳтож оилалар аниқлаб олингандан сўнг масъул ходимлар «Темир дафтар»даги маълумотларни saxovat.argos.uz сайтига рақамли имзо калити орқали электрон шаклда киритиб боришади.

Кириш[/b]
«Темир дафтар»га кирувчилар рўйхатини шакллантириш маҳалла орқали амалга оширилади. Рўйхат тайёр бўлгач, туман ҳокимлигига тақдим этилади. Шундан сўнг сектор раҳбари, туман халқ депутатлари кенгаши вакили ва маҳалла оқсоқоли биргаликда жойларга чиқиб, оилалар ҳолатини ўрганиб чиқади. Умумий хулоса асосида шакллантирилган рўйхат туман халқ депутатлари кенгаши муҳокамасига қўйилади. Кенгаш тасдиғидан ўтган оилалар «Темир дафтар»га киритилади.

Иш жараёни
Шундан сўнг камбағал оилалар билан иш жараёни бошланиб кетади. «Темир дафтар»га киритилган оилаларга комплекс ёрдам кўрсатилади. Моддий ёрдамдан тортиб, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларигача етказиб берилади. Аммо энг муҳими — оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлаб, муҳтожликдан чиқариш лозим. Қачонки доимий даромадга эга бўлинса, ўшанда барака бўлади.

Бу ўринда тайёр иш ўринлари билан биргаликда пул топишнинг бошқа йўлларини ўргатиш ҳам жуда муҳим. Хусусан, иссиқхоналар қуриб бериш, мол-қўй олиб бериш, товуқ етиштириш каби ташаббуслар катта аҳамиятга эга. Албатта фуқароларга иссиқхона юритиш ва мол-қўй боқишни ўргатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Худди шу масалада Наманганда иш яхши олиб борилмоқда. Иссиқхона қурилган хонадонларга кўчат етказиб берилмоқда, чорвани парваришлаш йўллари ўргатиляпти. Хуллас, «Темир дафтар»даги оилалар исталган масала бўйича сектор раҳбарларига мурожаат қилишлари мумкин.

[b]Чиқиш

Оила ўзининг доимий даромадига эга бўлган тақдирда ҳам уни «Темир дафтар»дан чиқариш осон бўлмайди. Бунинг учун фуқаро аввало маҳаллага мурожаат қилиб, рўйхатдан чиқариш бўйича ариза топшириши лозим. Сўнгра мурожаат туман ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилади. Аммо ҳокимлик рози бўлган тақдирда ҳам «Темир дафтар»дан чиқариш бўйича сўнгги қарор туман халқ депутатлари кенгаши томонидан қабул қилинади. Кенгаш рад этса, оила дафтарда қолаверади.

Аммо ҳаммаси яхши кечиб, оила «Темир дафтар»дан чиққан тақдирда ҳам барибир маҳалла ва ҳокимлик кузатувида қолаверади. Лозим бўлса яна ёрдам кўрсатилади. Энг муҳими — «Темир дафтар»дан чиқарилган оила яна камбағалликка қайтмаслиги лозим.

Чиқа олмайдиганлар
Камбағаллик дунёнинг исталган давлатида учрайдиган ҳолат. Боқувчисини йўқотган, ногирон ва меҳнатга лаёқатсиз кишилар ҳамма жойда топилади. Наманганда рўйхатга олинган 24 382 та оиланинг 5 фоизини шундайлар ташкил этади. Бунақа оилалар «Темир дафтар»дан чиқарилмайди ва мудом қўллаб-қувватлаш остида бўлади.

Тўрақўрғон тумани, Сарой маҳалласида истиқомат қиладиган Абдуқодир Аҳмаджонов оиласи шундайлар сирасига киради. Оила бошлиғи биринчи гуруҳ ногирони ва аёлининг соғлигида ҳам муаммолар мавжуд. Бир нафаргина фарзанд ҳам тиббиёт ходимлари кўригидан ўтиб туриши лозим. Оилани камбағалликдан чиқариш бўйича зарур ишлар олиб бориляпти — икки хонали уй тиклаб берилди ва иссиқхона қурилмоқда. Аммо хонадон барибир назорат остида қолиши лозим. Вазият шуни тақозо этади.

Чиқадиганлар
Аксинча, Тўрақўрғон тумани, Ибрат маҳалласида истиқомат қиладиган Неъматжон Нурматовлар хонадони яқин вақтлар ичида «Темир дафтар»дан чиқишга тайёрланмоқда. Оилада биринчи гуруҳ ногиронлигига эга фарзанд бор ва хонадон бошлиғи доимий даромадга эга эмас эди. Маҳалла фаоллари ёрдами билан Нурматовларга икки сотихли иссиқхона қуриб берилди. Шунингдек 50 сотих ер деҳқончилик қилиш учун ажратилган. Кредитга қўй олиб берилди.

Қўшимчасига хонадон бекасига печ ва тикув машинаси олиб берилди. Маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси Фотима Умарованинг айтишича, пишириқ тайёрлаш ва чеварчилик орқасидан оилага қўшимча маблағ кириб келмоқда. Маҳалла фаоллари ўзаро маслаҳатлашиб, яқин вақтлар ичида оилани «Темир дафтар»дан чиқишга тайёрламоқчи. Тегишли тартибда, албатта.

Эскилар ва янгилар
Бир сўз билан айтганда, камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилган ишлар Наманганда самара келтиришни бошлади. Хусусан, дастлаб 24 382 оила «Темир дафтар»га киритилган бўлса, шундан 10 мингтаси чиқарилган.

Аммо бу билан иш тўхтаб қолмайди. Ҳозирда муҳтожликда қолган янги оилалар қидирилмоқда. Ҳокимлик томонидан хабар қилинишича, яна 17 минг хонадонни рўйхатга олиш режалаштирилган. Улар билан ҳам тегишлича иш олиб борилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)