21:35 / 12.08.2020
1 239

Камбағал ва ишсиз аҳолини касбга ўргатиш тизими жорий этилади

Камбағал ва ишсиз аҳолини касбга ўргатиш тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Қайд этилишича, қарордан асосий мақсад – камбағал ва ишсизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитишнинг янги тизимини жорий қилиш, уларни касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш жараёнларини ташкил этиш, эҳтиёжманд аҳоли ва ногиронлар иш билан бандлигини таъминлашга оид қўшимча чораларни амалга оширишдир.

Қарор билан:
- камбағал ва ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби;
- аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишчи кучининг рақобатбардошлигини ошириш дастури;
- Россия Федерациясида фаолият юритаётган меҳнат мигрантларини ўқитиш чоралари тасдиқланди.

Ҳужжат билан камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини жорий этиш учун молиявий харажатлар миқдори ва манбалари белгиланди.
Қарорда кўзда тутилган камбағал ва ишсизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Ишга марҳамат» мономарказлари;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари;
- Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари;
- маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари;
- нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари.
Ҳужжат орқали аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишга, нодавлат сектори имкониятларидан кенг фойдаланиш учун давлат ёрдамини бериш механизми жорий қилинади.

Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади.

Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларига ўқув дастурлари ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи берилади. Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари бинолари бир қисми берилган тақдирда – мазкур марказларнинг ўқув жиҳозлари ва анжомларидан имтиёзли фойдаланиш имкони яратилади.

Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқитиш, бунда давлат буюртмасининг кафолатланган энг кам даражасидан фойдаланиш белгиланган.

«Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида:
- битирувчиларнинг касбий малакаси халқаро WorldSkills стандартлари асосида баҳоланади;
- баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга Ўзбекистон ва хорижда тан олинадиган Skills паспорти берилади.
- Мономарказлар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади.

Ушбу лойиҳалар ижросини таъминлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 150 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, мазкур қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар бир ҳудудда камида биттадан «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» бўйича нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари ўртасида очиқ танлов ўтказилади.

Қарор билан «Энг яхши касбга тайёрлаш дастури» танлови ғолибларининг лойиҳаларини рағбатлантириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 50 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, бу тадбирларни амалга ошириш натижасида ҳар йили 60 минг нафарга яқин ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқитиш имконияти юзага келади, 25 мингдан зиёд ногиронларнинг бандлиги таъминланади.

Республика ишчи гуруҳи давлат ва нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари самарали фаолият юритишини ҳамда сифатли ва халқаро стандартларга жавоб берадиган касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилишини ташкиллаштиради, шу мақсадда ажратилаётган маблағларнинг манзилли сарфланишини таъминлайди.

Қарор билан тасдиқланган Аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишчи кучининг рақобатбардошлигини ошириш дастури эса аҳоли бандлигига кўмаклашиш соҳасида хизматлар кўрсатиш сифатини оширишга ва бу борада норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга, бандлик соҳасида узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга ҳамда яратилган иш ўринлари ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ахборот алмашинувини ташкил этишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, таъкидланишича, 800 мингдан ортиқ фуқаро ва иш берувчиларга бандлик ва меҳнат соҳасида давлат хизматлари кўрсатилади, шу жумладан 410 минг аёллар ва 300 минг ёшларнинг бандлиги таъминланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)