07:21 / 20.08.2020
2 035

Коронавирус ҳужайрани зарарлаши механизми аниқланди

Коронавирус ҳужайрани зарарлаши механизми аниқланди
Фото: Bloomberg
SARS-CoV-2 вирусининг машҳур «тожлари» ёки найзалари эгилиш хусусиятига эга экани маълум бўлди. Аниқланишича, айнан улар орқали вирус ҳужайрага ёпишади. Антитаначалардан эса вирусни полисахарид қоплам ҳимоя қилади.

Германиянинг Гейдельберг шаҳридаги Европа молекуляр биология лабораториясининг немис олимлари, Макс Планк ва Пауль Эрлих институтлари тадқиқотчилари COVID-19 касаллигини чақирувчи SARS-CoV-2 вирусини криоэлектрон томография ёрдамида батафсил ўрганди.

Олимларнинг тадқиқот натижаси Science журналида чоп этилди, деб хабар беради РБК.

Олимлар ўта паст ҳароратни қўллаб, қотирилган массани электрон микроскоп остида текширди. Улар асосан коронавирус, яъни тождор вирусга шу номни берган тожлар хусусиятларини ўргандилар ва уларнинг олдин ўйланганидек қаттиқ найза шаклида эмас, эгилувчан эканини аниқладилар.

Маълум бўлишича, ҳар бир вирус танасида тахминан 40 дона ана шундай найзалар бўлади ва улар ёрдамида вирус ҳужайра деворига ёпишиб, уни зарарлайди. Шу тарзда найзалар икки вазифани бажарадилар – ҳужайра рецепторларига уланиб олиш ва кейинчалик мембраналар билан қўшилиб, ҳужайра ичига кириш.

Ўзига хос оқсиллардан иборат бу найзалар полисахарид молекулалари билан қоплангани уларга антитаначалардан самарали ҳимояланиш имконини беради. Олимларнинг фикрича, айнан ана шу найзаларни тадқиқ қилиш коронавирусга қарши кураш, хусусан вакцина ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус ҳужайрани зарарлаши механизми аниқланди