07:39 / 24.08.2020
3 454

«UzAuto Motors» муҳокамалар марказида. Воқеалар қандай ривожланади?

«UzAuto Motors» муҳокамалар марказида. Воқеалар қандай ривожланади?
Фото: UzAuto Motors
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқда «UzAuto Motors» автомобиллари нархлари мавзуси кенг муҳокама қилинмоқда, бу мавзу атрофида кутилмаган қарор ва раддияларга ҳам гувоҳ бўлдик.

Дастлаб, 20 июль куни Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев пандемия туфайли кечаётган оғир вазият ва шундай пайтда ҳам тез ёрдам хизмати учун автомобилларини жуда қиммат нархда сотишда давом этаётган «UzAuto Motors»га жиддий эътирозларини билдирганди.

Депутат бу борада Фарғона вилояти ҳокимлиги вилоят аҳолиси учун 20та янги «Дамас»нинг ҳар бирини 75 млн сўм атрофидаги нархда сотиб олиб, «Тез ёрдам»га топширганини мисол сифатида келтирганди.​

«Айрим сиёсатчилар учун популизм асосий, баъзида эса, ягона қурол бўлишини яхши тушунган ҳолда​», миллий авто ишлаб чиқарувчи «Ўзавтомоторс» депутатнинг эътирозига жавоб қайтарди. Хусусан, «Ўзавтосаноат» корхоналари томонидан​ «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоатчилик фондига 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ, республикага хорижий ҳамкорларидан 2 миллиард сўмлик тиббиёт жиҳозлари келтирилгани эслатилди. Хуллас, компания турли рақамлар билан пандемияда ўз ҳиссасини қўшганини иддао қилди.

Шундан сўнг, депутат «UzAuto Motors »га қарши навбатдаги баёноти билан чиқди.​ У «Ўзавтосаноат» АЖ номидан хайрия қилинган ишларни «UzAuto Motors» компанияси «ўз ҳисобига ёзиб қўйиши»ни савол остига олди ва компанияни «сотилмай чириётган автомобилларни янаям арзон қилиб»​ сотишга чақирди.

Кушербаев масалани ташлаб қўймади: у 23 июль куни MY5 телеканалидаги «Марказий студия» дастури меҳмони бўлиб, компания вакиллари «кейинчалик ўзгаришлар бўлади», дея берган ваъдалари қуруқ ваъдалигича қолиб кет​аётганини эслатиб ўтган.

Кўп ўтмай Олий Мажлис депутатлари Расул Кушербаев, Дониёр Ғаниев ва Нодир Жумаев томонидан «Парламент назорати» шаклида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддин Шариповга тегишли депутатлик сўрови юборилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси текширувида эса компания томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонун бузилгани аниқланди. «UzAuto Motors» АЖга нисбатан қўзғатилган иш бўйича қўмитанинг махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилин​иши керак эди.

Шу орада депутатлик сўрови муаллифлари Kun.uz'га берилган интервьюда сўровдан кутилаётган натижа ва мақсадларини тушунтириб беришди. Депутат Нодир Жумаевнинг айтишича, парламент аъзолари компания томонидан нарх асосли шакллантирилишини талаб қилишган.

Бу воқеалардан сўнг «UzAuto Motors» АЖ депутат Расул Кушербаев устидан парламентга арзнома киритди. Унда ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Расул Кушербаевнинг ижтимоий тармоқ ва ОАВда айтган фикрлари «UzAuto Motors»нинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар деб баҳоланган.

19 август куни мазкур иш Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида яна кўриб чиқилди. Махсус комиссия томонидан юқоридаги ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, «UzAuto Motors» АЖга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.​

Унга асосан, «UzAuto Motors» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар нархини шакллантиришда товар нархига хом ашё ва материалларга, ёқилғи-энергетика ресурсларига ва ҳақиқатда амалга оширилмаган харажатларни, амалда юз бермаган меҳнат харажатларини ва бошқа харажатлар ёки бажарилмаган ишларни киритиш орқали монопол юқори нарх қўллаётгани аниқланган. Эндиликда компания автомобиль нархларини тушириб, энг яқин ўтган вақтда сотилган машиналар учун компенсация тўлаб беришга мажбур бўлганди.

Компания эса «автомобиллар нархи асосли ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсиз»лигини билдириб, баҳсли масалаларни асослаш учун зарур қўшимча материалларни тайёрлашга муддат қисқалиги туфайли иш кўриб чиқилиши кейинроққа қолдирилишини сўраб илтимоснома йўллаган. ​

Монополияга қарши курашиш қўмитасини «ишни бир тарафлама кўриб чиқиш»да айблаган «UzAuto Motors» қўмита махсус комиссияси қарори устидан судга шикоят қилишини билдирди.

Аввалги таркибдан 2 нафарга кўпайган депутатлар гуруҳи эса бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхоновга депутатлик сўрови юборди.​ Улар мутасаддилардан ўтказилган текширув якунлари бўйича олинган маълумот ва ҳужжатларда қонунбузарликлар, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётгани сабабли мазкур масалани алоҳида ўрганиб, жиноят аломатлари бор-йўқлиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва ваколат доирасида чоралар кўришни сўрашган.​

21 июль куни эса Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги «Cooperation LAB» марказининг ўзида ҳудудларда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди. Давлат раҳбари йиғилишда «автомобиль саноатида импорт қилинаётган 1 минг 712 турдаги бутловчи қисмларни юртимизда ишлаб чиқариб, валюта харажатларини камида 150 миллион долларга камайтириш мумкинлиги​»ни билдирган. Шундай қилиб, президент Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархини пасайтириш зарурияти ҳақида гапирган.

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов эса «UzAuto Motors» АЖ рақобатбардош компанияга айланиши, рақобат бозорида ишлаши учун импорт автомобилларга ўта юқори, деярли тақиқловчи божхона тўловлари пасайтирилишининг ўзи кифоя, деб ҳисоблайди.

20 август куни ўтган Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этган агентлик директори Акмал Бурхоновнинг айтишича, суд Монополияга қарши курашиш қўмитаси қарорини асосли деб топса, бу кейинги жараёнлар бошланишига асос бўлади ва Коррупцияга қарши агентлик ҳам ўз ваколати доирасида суриштирувлар олиб боради.​

Ушбу масала ҳали ўзининг мантиқий якунига етмади: агар компания ўз позициясида қатъий туриб, қўмита қарори устидан судга шикоят қилса, суд бу ишни кўриб чиқиши керак бўлади. Агар «UzAuto Motors» компанияси бу фикридан қайтса, қўмита қарорини ижро этиб, нархни тушириши ва аввал сотилган машиналар учун компенсация тўлаши лозим. Бу эса жуда катта масаланинг ​ҳали бошида эканимизни англатади.

Алишер Рўзиохунов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «UzAuto Motors» муҳокамалар марказида. Воқеалар қандай ривожланади?