14:20 / 01.09.2020
2 004

АҚШ, Туркия ва Хитой элчилари ўзбек тилида табрик йўллади

АҚШ, Туркия ва Хитой элчилари ўзбек тилида табрик йўллади
АҚШ, Туркия ҳамда Хитой мамлакатлари элчилари Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан қутлади. Эътиборга молик жиҳати, дипломатлар мезбон мамлакатга эҳтиром рамзи сифатида ўзбек тилида табрик йўллади.

АҚШ элчиси: «Бугун менинг тўйим бўлган кун ҳамдир»
«Америка халқи номидан Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 29 йиллиги билан чин дилдан табриклайман. Бу йил Ўзбекистон мустақиллигини ўз яқинларингиз даврасида нишонлар экансиз, 29 йил ичида эришган ютуқлар – кучли, суверен давлат барпо этиш ва хилма-хилликка бой аҳоли ичида миллий ўзликни шакллантириш каби ҳақида мулоҳаза қиласиз деб ўйлайман», – дейди АҚШнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм.

Қайд этилишича, ислоҳотлар жараёнида Қўшма Штатлар ҳамиша Ўзбекистонга кўмакка тайёр.
«Ҳозирги жадал ислоҳотлар жараёни билан Ўзбекистон келгуси йилларда янада кўпроқ натижаларга эришиш, жумладан, ўзбек халқи фаровонлигини ошириш ҳамда ёшларга янада кенг имкониятлар яратиш йўлига ўтди. Янада яхшироқ келажак қуриш учун меҳнат қилар экансиз, ҳар доим Қўшма Штатлар ва Америка халқи қўллови ва дўстлигига суянишингиз мумкин», – деди жаноб Розенблюм.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон мустақиллиги байрами АҚШ элчининг оилавий байрами билан бир кунда ўтмоқда.
«Бугун менинг тўйим бўлган кун ҳамдир. Роппа-роса 29 йил аввал мен Оҳайо штати Кливленд шаҳрида оила қургандим. Фурсатдан фойдаланиб, рафиқам Шеронни ушбу кун билан самимий табриклайман. Мустақиллик кунинг муборак бўлсин, Ўзбекистон!» – дея табригини якунлайди АҚШ элчиси.

Туркия элчиси: «Фурсатдан фойдаланиб, сизларга муҳим бир хушхабарни етказмоқчиман...»

«Қадимий Мовароуннаҳр заминида барпо бўлган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги нишонланаётган ушбу кунда барча қардошларимизни Истиқлол байрами билан чин қалбимдан муборакбод этиб, ўзбек халқини ва йўлбошчиларини шу қисқа вақт ичида эришган ютуқлари билан табриклайман. Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам ўз минтақасига ва бутун дунёга қисқа вақт ичида нималарга эриша олишини намойиш этишда давом этмоқда», – дейди Туркиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайё Эр ўз табригида.

Қайд этилишича, СOVID-19 пандемияси глобал турғунлик даврига сабаб бўлди. Дунёнинг барча давлатлари сингари Ўзбекистон ҳам бундан таъсирланмоқда. Аммо пандемия келтирган барча ноқулай шароитларга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотларни амалга ошириш режасидан чекинмай, бунёдкорлик йўлида қатъий давом этмоқда.

«Президент жаноб Мирзиёевнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган раҳбарлиги остида Ўзбекистон кун сайин кучайиб бормоқда ва ўзининг 29 ёшида демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасида ўзига ишонган ҳолда аниқ қадамлар ташламоқда. Президент Мирзиёев раҳбарлигида плюралистик демократия борасида қўйилган муҳим қадамлар ишонч билан келажакка интилаётган ва гуллаб-яшнаётган Ўзбекистоннинг қадимий давлат анъаналарига асосланган ўзига ишончининг ёрқин намунасидир», – дейди қардош ўлка дипломати.

Туркия элчиси кўп асрлик қардошлик ротибаларини алоҳида таъкидлар экан, 1920 йилда Туркияда кечган миллий озодлик кураши даврида туркистонликлар моддий ва маънавий кўмак кўрсатганини мамнуният ила ёдга олган.

«1991 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистонни биринчи бўлиб тан олиш шарафи Туркияга – Онадўлидаги қардошларига насиб қилди; Тошкентдаги илк элчихона жуда қисқа вақт ичида Туркия Республикаси томонидан очилди. Шу фурсатдан фойдаланиб, муҳим бир хушхабарни сизлар билан баҳам кўришни истайман: мустақилликка эришгандан кейиноқ илк элчихонани очган Туркия яқин кунларда муштарак тамаддунимиз бешиги бўлган кўҳна Самарқандда биринчи бош консулхонасини ҳам очиш бахтига мушарраф бўлади», – дейди элчи Меҳмет Сурайё Эр.

Хитой элчиси: «Мураккаб, аммо аҳамиятга молик йўл босиб ўтилмоқда»

«Мустақил 29 йил давомида Ўзбекистон суверен тараққиёт йўлида муҳим қадамлар ташланди. Мамлакат улкан муваффақиятларга эришди, мураккаб, аммо аҳамиятга молик йўлни босиб ўтмоқда. Жумладан, мамлакатда иқтисодиётни модернизация қилиш борасида зарур шароитлар яратилмоқда. Аҳолининг ижтимоий таъминоти оширилиб, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи мустаҳкамланиб бормоқда», – дейди Хитой Халқ Республикасининг юртимиздаги элчиси Цзян Янь хоним.

Дипломат Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари ҳар томонлама стратегик даражага кўтарилгани, ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада жадал тараққий этишига ишонч билдирган.

«Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти нигоҳида янги қиёфада, яъни очиқ ташқи сиёсати билан жадал ривожланаётган давлат сифатида гавдаланмоқда. Бу эса ўз навбатида унинг порлоқ келажагига катта умид ва ишонч бағишланди», – дейди Хитой элчиси.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » АҚШ, Туркия ва Хитой элчилари ўзбек тилида табрик йўллади