20:50 / 13.09.2020
958

Чет элга ўқишга юбораман деб пул олган шахс ушланди

Чет элга ўқишга юбораман деб пул олган шахс ушланди
Фото: «Finance-pravo.ru»
Бухорода мактаб битирувчисини Россия Федерациясидаги Московский международный университетга ўқишга юбориш ва уни олийгоҳга имтиҳонсиз қабул қилдириб беришини ваъда килган шахс жиноят устида қўлга олинди.

Таъкидланишича, Бухоро шаҳрида ўқув маркази фаолияти 2018 йилдан буён йўлга қўйилган. Мазкур МЧЖ таъсисчиси Нурбек Икромов ҳамда директори Мансур Ҳамидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фуқаролардан 2 миллион 500 минг сўмдан 6 миллион сўмгача пул ундириш эвазига уларни турли хориж олий ўқув юртларига ноқонуний йўллар билан ўқишга юбориш билан шуғулланиб келишган.

Улар Шофиркон туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Жамшид Холмуродовни 11-синфни тамомламаган бўлса-да, унинг 9-синфни тамомлаганлик тўғрисидаги таянч шаҳодатномасини Россия Федерациясидаги Московский международный университетга ўқишга кириши учун нострефикация қилиб беришни ваъда қилишган. Битирувчидан мазкур университетга имтиҳонсиз қабул қилинишини ваъда қилиб ундан 4,5 миллион сўм пул талаб қилишган.

Мактаб битирувчиси Ж.Холмуродов ўқув марказ фаолиятининг қонуний фаолиятига шубҳа қилиб, жорий йилнинг 3 сентябрь куни ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган. Шу куни ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти вилоят бошқармаси оператив-тергов гуруҳи томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Ушбу жараёндаги ўрганиш ҳолатларига кўра, ўқув марказ масъулларининг, ҳақиқатан ҳам, вилоят худудидаги маҳаллий фуқароларни хорижий олий ўқув юртларига турли ноқонуний йўллар билан ўқишга юбориш фаолияти билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.

4 сентябрь куни Нурбек Икромов ҳамда Мансур Ҳамидовлар мактаб битирувчиси Жамшид Холмуродовдан талаб қилинган 4,5 миллион сўм микдоридаги пулларни олаётган вақтда қўлга олинган.

Бундан ташқари, тадбир давомида ўқув марказ биноси кўздан кечирилганида, 40 дона «ишончнома», 45 нафар фуқароларнинг паспорт нусхаси, шунингдек, 8 дона аттестат ва коллеж дипломлари ашёвий далил сифатида процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)