date
views 2 891

Угом-Чотқол миллий табиат боғида ноёб қор қоплони кўриниш берди (видео)

Угом-Чотқол миллий табиат боғида ноёб қор қоплони кўриниш берди (видео)
Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғида ўрганишлар чоғида йўқолиб кетиш хавфи остида турган қор қоплони ҳамда оқ тирноқли Тянь-Шань қўнғир айиғи фотоқопқонда қайд этилган. Бу ҳақда миллий табиат боғининг кичик илмий ходими Акбар Рустамовга таяниб, «Kun.uz» хабар қилди.

Қор қоплони 2 июль куни эрталаб соат 05:56 да, сўнгра соат 10:44 да фотоқопқон олдидан ўтган.

Йўқ бўлиб кетиш арафасида турган, локал тарқалган тур, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (ТМХИ) қизил рўйхатига киритилган Илвирс (қор қоплони) — (русча: снежний барс (ирбис), инглизча: Snow Leopard) — Ғарбий Тянь-Шань, Ғарбий Помир-Олой тизмаларида, Ўзбекистондан ташқарида Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ғарбий Сибир жануби, Мўғулистон, Хитой, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Непал, Бутанда тарқалган.

У тоғларнинг ўрта ва юқори (денгиз сатҳидан 2500–4500 метр баландликда) қисмида яшайди. Ҳавза айирғичлари ҳамда қояли тош-сочма қияликларни афзал кўради.

Уларнинг сони доимо кам бўлган. Сўнгги ўн йилликлар давомида сони узлуксиз камаймоқда. 1980–1990 йилларда Ҳисор қўриқхонасида 5-11, 1970–1980 йилларда Чотқол қўриқхонасида 10-3 таси ҳисобга олинган. Ҳозирда тахминан 30-50 тани ташкил этади.

Оқшомда фаол, кундузи қорларга, қоялар орасига беркиниб ётади. Икки йилда бир марта болалайди. Жуфтлашиш даври – февраль мартда. Июнда болалайди (1 тадан 5 тагача). Болалари 1–1,5 ёшгача онасидан ажралмайди, 2-3 йилда жинсий вояга етади. Ёввойи туёқлилар, баъзан кемирувчилар билан озиқланади. Тоғ бўйлаб ёввойи туёқлилар ортида юқорига ва пастга мавсумий кўчиб юради. Умри узунлиги — 21 йилгача.

Маълум қилинишича, баланд тоғ яйловларининг ўзлаштирилиши, озуқа манбаларининг камайиши ва браконьерлик қор қоплонининг камайишига сабаб бўлмоқда.

У ҳозир дунёнинг ҳайвонот боғларида кўпайтирилади. Уни овлаш тақиқланган. Ҳисор, Зомин, Чотқол қўриқхоналари ва Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғида муҳофаза остига олинган. CIТЕS’нинг 1-иловасига киритилган.

Шунингдек, ўтган йили 15 августда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғида оқ тирноқли Тянь-Шань қўнғир айиғининг ҳам фотосуратлари фотоқопқонларга тушган.


Ушбу айиқ ҳам Ўзбекистон ва жаҳон «Қизил китоб»ига киритилган бўлиб, CIТЕS’нинг иккинчи иловасида туради.

Қайд этиш жоиз, фотоқопқонлар Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи БМТ Тараққиёт дастурининг «Глобал аҳамиятга эга биохилма-хилликни муҳофаза қилиш мақсадида тоғли ҳудудларда ўрмонлардан ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва бошқариш» лойиҳаси билан ҳамкорликда ўрнатилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Угом-Чотқол миллий табиат боғида ноёб қор қоплони кўриниш берди (видео)