22:17 / 29.09.2020
944

Ўзбекистон Бош вазири Тожикистон Президенти билан учрашди

Ўзбекистон Бош вазири Тожикистон Президенти билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ҳукуматимиз раҳбари Тожикистон Президентига қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва тилакларини етказди.

Эмомали Раҳмон, ўз навбатида, Давлатимиз раҳбари номига ўзининг саломи ва эзгу тилакларини билдириб, Олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда ҳукуматлараро комиссия фаолияти муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда бошқа етакчи соҳалардаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Хусусан, биргина Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, сентябрь ойининг ўзида Душанбе шаҳрида таниқли олимлар, тадқиқотчилар ва етакчи экспертлар иштирокида илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Ўзбекистон – Тожикистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ишчи йиғилиши ўтказилди. Сўғд вилоятининг Спитамен туманида Ўзбекистон томонидан 630 ўқувчига мўлжалланган умумий ўрта таълим мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ушбу қатор соҳаларни қамраб олган тадбирлар ўзаро алоқаларни мазмунан янада бойитгани қайд этилди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида мамлакатларимиз ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)