23:57 / 30.09.2020
795

Табиатга зарар етказиш ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Табиатга зарар етказиш ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади
«Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, ҳудудларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат-хусусий шерикликнинг янги модели босқичма-босқич жорий этилади.

Унга кўра, хусусий шерикка:
- маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун тегишли ҳудудлар бириктириб берилади;
- давлат корхоналари ҳисобидаги чиқинди полигонлари узоқ муддатга фойдаланишга берилади;
- давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникалари 7 йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилади.

Ушбу соҳада хусусий сектор улушини 2022 йил якунига қадар 50 фоизга етказиш белгиланган.

2021 йил 1 январдан:
- ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари дастлаб нархларни тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, кейинчалик тегишлигича маҳаллий Кенгашлар қарорлари билан маъқулланганидан сўнг тасдиқланади;

- маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларига хизмат кўрсатиш учун бириктириб берилган ҳудудларда иккиламчи хом ашёни (металл парчалари ва чиқиндиларини сотиб олишдан ташқари) қабул қилиш шохобчалари орқали тайёрлаш мазкур кластерлар томонидан амалга оширилади;

- иккиламчи хом ашёни маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларнинг розилигисиз ажратиб олиш ва ўзлаштириш тақиқланади;

- қурилиш ишларида ҳосил бўладиган чиқиндилар биринчи навбатда такрорий фойдаланиш, қайта ишлашга ёки утилизация қилишга йўналтирилади;

- хонадонлар сони 300 тадан ортиқ бўлган кўп қаватли уй-жойлар маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари билан таъминланмаган бўлса, фойдаланишга қабул қилишга рухсат берилмайди;

- аҳоли томонидан Давлат экология қўмитасининг Интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига юборилган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;

- фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг 15 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)