23:27 / 06.11.2020
2 198

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 17та АЁҚС фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилди

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 17та АЁҚС фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилди
Жорий ҳафтада Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 17 та АЁҚС фаолияти қисқа муддатга тўхтатилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Муҳайё Ҳайитова маълум қилди.

Ҳукумат қарори билан, ҳожатхонаси бўлмаган ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган АЁҚСлар фаолияти тақиқланган. Кўзланган мақсад – туризм инфратузилмасини яхшилаш. Шу йил 1 мартдан кучга кириши белгиланган бу талаб ижроси кечиктирилиб, 1 сентябрга сурилган эди.

Муҳайё Ҳайитованинг сўзларига кўра, республикадаги АЁҚСларда санитария-гигиена шохобчалари барпо этилишини назорат қилиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Гуруҳ автомобилларга газ ва бензин қуйиш станцияларидаги санитария масалаларини ўрганиш ва чора кўриш билан шуғулланади.

«3–5 ноябр кунлари олиб борилган ўрганишлар давомида республика ва ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 30га яқин АЁҚСга бевосита ташриф буюришди ҳамда уларнинг 17тасида қарор талаблари бажарилмагани учун фаолиятини қисқа муддатга тўхтатиш чоралари кўрилди», – деди Туризм қўмитаси расмийси.

Ҳайитова бу ҳақда 6 ноябрь куни, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги энг намунали АЁҚСларни тақдирлаш маросимида айтиб ўтди. У ушбу шохобчаларни намунали кўринишга келтириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.

«Дастлаб ўрганиш ишларини бошлаганимизда атиги 400 дона намунали АЁҚШлар мавжуд эди. Ҳозирда 3000дан ошиғи намунали даражага етди. Бунда нафақат соғлом инсонларга, балки имконияти чекланганларга ҳам аҳамият берилган. Улар учун чиқиш йўлкалари қурилган, ўтиргичлар ўрнатилган.

Тадбиркорларга фақат газ ёки бензин сотиш билан тўхтаб қолмасдан, ўзига тегишли АЁҚШда бир неча турдаги тадбиркорлик билан шуғулланишига ҳам имконият яратилмоқда.

Аҳоли ва сайёҳларга қўшимча хизмат кўрсатиш борасидаги фаолиятини намунавий тарзда йўлга қўйган АЁҚСлар тақдирлаш ва рағбатлантириш учун тавсия қилинди
», – деди у.

Тадбирда қайд этилишича, махсус ишчи гуруҳ тадбиркорларга аҳоли ва сайёҳлар учун шароит яратиш борасида тавсиялар бериб келмоқда.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганишлар якунида 6 та энг яхши АЁҚС аниқланиб, тақдирланди. Уларга «Quality servis» сертификатлари топширилди.

Расмийларга кўра, бу – шу йўналишдаги илк тақдирлаш тадбири бўлиб, келгусида Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардаги станциялар фаолияти ҳам мунтазам ўрганилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 17та АЁҚС фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилди