date
views 2 219

Афғонистон талабалари Ўзбекистонда таълим олиш учун юборилади

Афғонистон талабалари Ўзбекистонда таълим олиш учун юборилади
Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Афғонистон ҳукумати делегациясининг 2020 йилнинг 20 ноябрь куни Тошкентга ташрифи чоғида Афғонистон Олий таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида афғон талабаларини Ўзбекистонга таълим олиш учун юбориш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.

Қайд этилишича, имзоланган меморандумда ҳар икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик қилиш, жумладан, ўқув материаллари билан алмашиш, таълим тадбирларида ҳар икки мамлакат мутахассисларининг ўзаро иштирокини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва илмий журналларда нашр ва мақолаларни биргаликда тайёрлаш шартлари ҳамда тартиби белгиланди.

Таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ва икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни яна-да кенгайтириш бўйича келишувга Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Афғонистонга 2020 йилнинг октябрь ойида амалга оширилган ташрифи чоғида эришилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Сурхондарё вилояти Термиз туманида Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази фаолият юритмоқда. 2018–2019-ўқув йили давомида марказда 96 нафар талаба ўзбек тили ва адабиёти йўналиши бўйича таҳсил олиб, барчаси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг бакалаври даражасига эга бўлди.

Ҳозирги кунда марказда 172 нафар, жумладан, ўзбек тили ва адабиёти йўналиши бўйича 119 нафар, ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси йўналиши бўйича 35 нафар, акушерлик, гинекология ва ҳамширалик иши йўналиши бўйича 18 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Бундан ташқари, 2020 йилнинг декабрь ойида Афғонистондан 10 нафар талабанинг Европа Иттифоқи кўмаги ва молиялаштириши асосида қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олиш учун келиши режалаштирилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Афғонистон талабалари Ўзбекистонда таълим олиш учун юборилади