23:50 / 25.11.2020
2 297

Aдлия вазири фуқаролар билан Facebook орқали жонли мулоқот қилди

Aдлия вазири фуқаролар билан Facebook орқали жонли мулоқот қилди
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг Facebook даги “Халқ билан мулоқот/Диалог с народом” гуруҳида фуқаролар билан онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янгича шакли сифатида илк бора ташкил этилган ушбу мулоқотга фуқаролардан қарийб 1500 та савол келиб тушди. Хусусан, махсус @adliyaga_savolbot телеграм боти орқали 500 га яқин, “Онлайн мулоқот” пайти Youtube тармоғида 300 дан, “Халқ билан мулоқот” гуруҳида эса 700 дан ортиқ хабарлар, мурожаатлар ва саволлар ёзиб қолдирилди.

Адлия вазирлиги масъуллари, хусусан, шахсан вазир томонидан фуқаролар қабуллари, сайёр қабуллар мунтазам равишда ўтказиб келинади.

Бироқ фойдаланувчилари сони жиҳатидан Ўзбекистонда етакчи ўринлардан бирида турувчи Facebook тармоғининг 240 мингдан ортиқ аъзога эга энг катта гуруҳида ўтказилган ушбу мулоқотни ҳам қамров, ҳам мавзу хилма-хиллиги ва масъулият жиҳатидан янги босқич деб баҳолаш мумкин.
Онлайн мулоқот давомида фуқаролар нафақат адлия тизими ва норма ижодкорлигига доир саволлар билан мурожаат қилдилар, балки давлат органлари ишига ўзларининг муносабатларини, баҳо ва эътирозларини ҳам баён этдилар.

Хусусан, газ ва электр муаммолари, кластерлар, фермер хўжаликлари ва ҳокимликлар ўртасидаги муносабатлар, меҳнат ҳуқуқи, нотариат ва адвокатура, юридик таълим, мерос, мулк, алимент масалалари каби бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган саволларга ҳуқуқий асослантирилган жавоблар берилди.

Масалан, фуқаро Фаррух Баҳромовдан келиб тушган “Нега мактабларда ҳуқуқ дарси кам?” деган саволга бу йўналишда Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ишлар олиб борилаётганлиги, келгусида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг юқори синфлари учун “Ҳар кунлик ҳуқуқ” йўналиши бўйича дарсликлар яратилиши ва нашр этилиши кўзда тутилганлиги таъкидланди.

Фойдаланувчиларидан бирининг “Таълим муассасалари ва тиббиёт ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш учун пул тўланадими?” деган саволига ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш давлат бюджети ҳисобидан бепул амалга оширилиши шартлиги, агар бу борада қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйиладиган бўлса, адлия ходимларига мурожаат қилиш мумкинлиги маълум қилинди.

Икки соатдан ортиқ давом этган қизғин ва мазмунли мулоқот жараёнида келиб тушган саволларга имкон қадар кенг, атрофлича ва таҳлилий жавоблар берилди. Бироқ мурожаатлар оқимининг катталиги ва вақт чегараланганлиги боис, мулоқот давомида тилга олинмай қолган саволларга фуқароларнинг шахсий манзилига албатта жавоб юборилиши, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмаслиги алоҳида таъкидланди.
Лойиҳа аҳолининг саволлари, уларни ташвишга солаётган масалаларни ўрганишда, умуман халқ дардини тинглашда ноанъанавий йўлларни ўйлаб топиш, халқ билан мулоқотни янгича форматларда йўлга қўйиш зарурияти мавжудлигини кўрсатди.

Адлия вазирлиги учун ушбу лойиҳа яна бир жиҳати билан аҳамиятлидир: мулоқот давомида келиб тушган мурожаатлар аҳоли муаммоларини аниқлаш ва халқнинг реал аҳволини ҳис қилиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ушбу маълумотлар тизимлаштирилган ҳолда таҳлил қилиниб, натижалар ва хулосалар келгусида норма ижодкорлиги соҳасида эътиборга олинади.

Жумладан, мулоқот якунлангач, вазирлик мутахассисларига мулоқот давомида келиб тушган айрим таклифлар юзасидан қонунчиликка ўзгаришлар киритиш масаласини ўрганиш топшириғи берилди. Вазирлик мазкур лойиҳани мунтазам давом эттиришни режалаштирган.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Aдлия вазири фуқаролар билан Facebook орқали жонли мулоқот қилди