00:30 / 29.11.2020
3 594

Ўқитувчиларнинг пенсия ёши қисқартирилиши мумкин

Ўқитувчиларнинг пенсия ёши қисқартирилиши мумкин
Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳада педагог ходимларнинг пенсия ёшини қисқартириш, ойликларини ошириш, уларни мажбурий меҳнатдан ҳимоялаш, шахси ва қадр-қимматига нисбатан нолойиқ муносабатларга қарши курашишга оид нормалар киритилмоқда.

Масалан, лойиҳада қуйидаги таклифлар илгари сурилмоқда:
  • педагог ходимларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этиш;
  • педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш;
  • педагог ходим мақомига эга шахсларга кўкрак нишони ва гувоҳнома бериш;
  • педагог ходимга умумий белгиланган ёшдан беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини тақдим қилиш;
  • педагог ходим томонидан уй-жой ва автотранспорт воситасини харид қилиш учун унинг ойлик иш ҳақидан йўналтириладиган маблағларни даромад солиғидан озод этиш;
  • давлат таълим ташкилотлари тугатилганда, давлат томонидан педагог ходимга аввалги ишига (лавозимига) тенг бошқа иш (лавозим) берилишини кафолатлаш;
  • эллик олти иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил бериш, шунингдек, таътил берилганида, календарь йилида бир марта базавий лавозим маоши миқдорида соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам бериш;
  • педагог ходимнинг базавий лавозим маоши БҲМнинг ўн бараваридан (2 миллион 230 минг сўмдан) кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланиб, унда мутахассислиги, малака тоифаси ҳамда илмий даражаси, давлат мукофотлари ва унвонлари инобатга олинган ҳолда устама ва қўшимча ҳақлар тўлаш;
  • умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходим бириктириш;
  • педагог ходимнинг кўп йиллик хизмати учун устама тўлаш тизимини жорий этиш;
  • педагог ходимни касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш;
  • олий маълумотга эга бўлмаган, аммо таълим ташкилотларида камида беш йил иш стажига эга педагог ходимни кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари олий таълим муассасасининг педагогика йўналиши бўйича сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш.

Қуйидаги ҳавола орқали лойиҳа муҳокамасида иштирок этинг.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)