15:18 / 11.12.2020
3 972

Эркин Воҳидовни йиғлатган муаллим

Эркин Воҳидовни йиғлатган муаллим
Газета бежизга тарихнинг мўъжаз бир саҳифасига қиёсланмайди. «Фарғона ҳақиқати» газетаси тахламларини варақлаб, 1998 йил февраль ойи сонларида таниқли шоир Йўлдош Сўлаймоннинг бир мақоласига кўзим тушди. Унда халқимизнинг ардоқли ижодкори Эркин Воҳидов билан боғлиқ бир воқеа ҳақида ёзилган.

1964 йил. Эркин Воҳидов Фарғонага келди, – дея бошланади мақола. – Унинг даъвати билан Ҳувайдо бобонинг қабри қаердалигини суриштирдик. Фарғона туманининг Чимён қишлоғига бориб, қадимий бозор ва Чимёнсой қирғоғидаги сўлим чойхонага тушаётганимизда эски қадрдонимиз, кекса муаллим Болтабой Эргашевни кўриб қолдик. Унга шоирни таништирдим.

– Эркин Воҳидов сизми, камтарлик ҳақида шеър ёзган сизми? – дея шоирга тикилиб қолди. Кейин менга қараб, кўнглим ғалати бўлиб кетди, дея кўзлари ёшланди: тавба, худди ўзи!
– Тинчликми?

Болтабой ака саволимизга жавоб бермай, Эркин Воҳидовга тикилди.
– 1933 йили ўқитувчилик фаолиятимни Олтиариқ туманида бошлаганман.
– Дўстингиз Чўянбой Воҳидовмиди? – деди шоир бетоқатланиб.
– Сиз унинг кими бўласиз?
– Ўғли.
– Ие, ўғлими?
– Ҳа, ҳозир дадамнинг ёшидаман.

Эркинжон ўтиролмади. У наридаги теракзорга кириб йиғлади, қаерда турганини унутиб, овоз чиқариб йиғлади. Бироздан сўнг келиб Болтабой ака билан қучоқлашиб кўришди.

– Сиз ҳақингизда кўп эшитгандим, лекин дўстимнинг фарзанди эканлигингизни билмасдим, – дея кекса муаллим шоирни бағрига босди.

Шу тариқа учаламиз тепаликка чиқиб Ҳувайдо ҳазратларининг тиконзор-у янтоқлар орасида қорайиб кўринган сомон шувоқли қабрини зиёрат қилдик. Унинг авлодларидан бўлган Муқим Махсим билан суҳбатлашдик.

Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида ушбу маскан ободонлаштирилиб, муҳташам зиёратгоҳга айлантирилди. Айни пайтда ҳазрат Ҳувайдо мақбараси юртимизнинг турли ҳудудларидан келувчи сайёҳларнинг севимли маскани ҳисобланади.

Б. Мадиёров

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эркин Воҳидовни йиғлатган муаллим