11:07 / 15.12.2020
2 677

Агрономия соҳасида ўқиш учун афғонистонлик аёлларнинг биринчи гуруҳи Ўзбекистонга келди

Агрономия соҳасида ўқиш учун афғонистонлик аёлларнинг биринчи гуруҳи Ўзбекистонга келди
Фото: Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати
Афғонистонлик 10 нафар аёлдан иборат биринчи гуруҳ яқин 2,5 йил ичида агрономия соҳасида техник ва касб-ҳунар таълими дастури бўйича Ўзбекистонга ўқишга келди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бу афғон аёлларининг Ўзбекистонда ўқиш учун таълим грантлари орқали иқтисодий имкониятларини қўллаб-қувватлашга қаратилган трансчегаравий ташаббус туфайли амалга оширилди.

Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилган ва БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан амалга оширилаётган «Афғон аёлларининг иқтисодий имкониятларини Қозоғистон ва Ўзбекистонда таълим бериш ва кадрлар тайёрлаш орқали қўллаб-қувватлаш» минтақавий лойиҳаси ватанида ўқиш ва иш билан таъминлашда эркаклар билан таққослаганда номутаносиб тўсиқларга дуч келган афғон аёллари учун таълим имкониятларини тақдим этишга қаратилган.

Маълум қилинишича, Афғонистондан 50 нафар аёл Қозоғистон ва Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида таҳсил олади. Европа иттифоқи ушбу ташаббус учун 2 миллион евро миқдорида грант ажратди ва у БМТТД томонидан 2020—2025 йилларда амалга оширилади.

«Ушбу лойиҳанинг Ўзбекистондаги асосий мақсади ҳукумат ва олий ўқув юртларининг халқаро таълимда яқинлиги ва тажрибаси туфайли афғон аёллари учун касб-ҳунар таълими беришдир. Таълимнинг устувор соҳаси қишлоқ хўжалиги бўлиб, у гендер тенглигини таъминлашда алоҳида эътибор касб этади», — дейилади хабарда.

Афғонистонлик аёлларнинг биринчи гуруҳи Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида Тошкент давлат аграр университети кўмаги билан агрономия соҳасида ўқийди.

Таълимнинг биринчи йили талабалар ўзбек тилини ўрганади ва касб-ҳунар таълими дастурида йўналиш олади. Афғонистон аёллари 2021 йил сентябрдан 2023 йил июнгача Ўзбекистон таълим муассасалари билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги соҳасида касб-ҳунар таълими дастуридан ўтади. 2023 йил июль ойида афғон аёлларининг биринчи гуруҳига дипломлар топширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 20 ноябрида Афғонистон Олий таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида афғон талабаларини Ўзбекистонга таълим олиш учун юбориш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтганди.

Имзоланган меморандумда ҳар икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик қилиш, жумладан, ўқув материаллари билан алмашиш, таълим тадбирларида ҳар икки мамлакат мутахассисларининг ўзаро иштирокини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва илмий журналларда нашр ва мақолаларни биргаликда тайёрлаш шартлари ҳамда тартиби белгиланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Агрономия соҳасида ўқиш учун афғонистонлик аёлларнинг биринчи гуруҳи Ўзбекистонга келди