13:48 / 31.12.2020
2 083

Тақдиринг шундай экан, хафа бўлмай кет...(Бадиа)

Тақдиринг шундай экан, хафа бўлмай кет...(Бадиа)
Бир вақтнинг ўзида ҳам хафа бўлиб, ҳам хурсанд бўлиб хайрлашиш мумкинми? На иложки, мумкин экан...
...Биз сени тарих саҳнаси атиги бир бор намойиш этадиган ва бошқа ҳеч қачон такрорланмайдиган, икки ёндан қаралганда ҳам, бир- бирига эгизакдек ўхшаш гўзаллигинг, келбатингга мафтун бўлиб, шодон кутиб олгандек.

Ортдаги йўлларда бани башар ҳеч кўрмаган ва олдда ҳам кўрмайдиган Сендек Ягона билан дийдорлашиш бизга насиб этганидан ўзимизни бахтиёр деб билган эдик. Ва сендан ғойибона муждалар кутгандик...

Не ажабки, қўлга илинмас, кўзга кўринмас бир зарра, бир тождор ойдек сулув чеҳрангга соя солди ва у, дунёю дун бор экан, Сени ана шу доғ ила эслатиб , кўнгилларга хавотир солиб туради. Аммо бунинг учун Сендан асло хафа эмасмиз.Тақдиринг - Яратганнинг иродаси!

Хафамизки, апрелингда лолазорни сайр қилолмадик, майда «Салом, тоғлар!” дея хайқиролмадик. Баҳор «Нега мени кутиб олмадингиз, «Кел, кўкламим» дея пешвоз чиқмадингиз , нега лолақизқалдоғу чучмомаларимни суйиб, эркаламадингиз...? ” дея саноқсиз саволлари билан дераза ортидан ҳайрону лол ўтиб кетди. Афсуски, биз билган, билмаган, тупроқ устида яйраб-яшнаб юрган не бир кишилар ҳам сўнгги таажжуб нигоҳлари ила баҳорнида, ёзни-да, кузу қишни абадий тарк этди... Шундан хафамиз.

Ва яна кўп нарсани биламан, ҳар нарсага қодирман деган Инсоннинг аслида бу ёруғ оламда жуда ожиз эканлигидан, бир зарра қудрати олдида, у яратган жадаллиги овоздан тез сайёралараро учгичларию, оламшумул кашфиётлари ҳеч нарса эмаслигидан кўнглимиз чўкди.

Хижолат бўлмагин сира, нафсиламрини айтганда, Сендан миннатдормиз ҳам.

Илло, сенинг ана шу ноқулай ташрифинг туфайли, кўп нарсалардан огоҳ бўлдик, сабоқ олдик, тажриба орттирдик ва яхши натижаларга эришдик. Зеро,синовлар замирида эртанги куннинг хушнуд муждалари борлигини кўрдик, Сенда!

Биз Сендан хурсандмизки, юртимизни асрадинг, авайладинг, кўп озор етказмадинг!

«Уйда қолинг!”, «Уйда қолинг!” дея илтижою илтимос қилган бўлсанг-да, ташқаридаги ишларимизга баракот бердинг, барча ниятларимизга етдик, дастурхонимизни фаровон , ҳосил хирмонларимизни баланд қилдинг!

Гарчи, «Уйда қолинг!”, «Ўзингизни, яқинларингизни эҳтиёт қилинг» дея огоҳлик қўнғироғини чалган бўлсанг-да, яратувчилик симфонияси бир зум ҳам тўхтамади.Ҳаётбахш оҳанглари жонажон Ўзбекистонимизнинг барча манзилларида баралла янграб турди!

Сени хушҳоллик билан, миннатдорона кузатаётганимизга яна бир ва энг олий сабаби шуки, Сен халқимизнинг нақадар меҳр- оқибатли, ҳамжиҳат эканлигини бутун дунёга нафақат кўрсатдинг, балки, яна бир бор намуна ҳам қилдинг!

Сендан асло хафа эмасмиз!
Ҳаммаси учун раҳмат деймиз Сенга, синовлар орқали йўллаган сабоқларинг учун!

Ва бахтиёрликнинг энг олий мезони соғлиқ, бир- биримизга бўлган меҳр- муҳаббат эканлигини эслатганинг учун!
Шубҳасиз, юз, минг, миллион йилдан кейинми, қачонки, Сен ёдга олинар экансан, бу дарсларинг инсониятга мангу эслатма бўлиб қолади.

Хайр, ИККИ МИНГ ЙИГИРМАНЧИ ЙИЛ!

Сен ҳам хафа бўлмай кетгинки,ёзиғингда бор экан, сенинг саҳифаларингга ўзинг ҳам истамаган битиклар битилди...
Хайр...алвидо!

Манба: Xs.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Тақдиринг шундай экан, хафа бўлмай кет...(Бадиа)